Нукусда ҳарбийлар қўл жанги кўргазмали мусобақада беллашди

Ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний имкониятларини юксалтириш, спортга кенг жалб этиш ҳамда соғлом турмуш тарзига одат қилиш мақсадида мудофаа вазирининг жанговар тайёргарлик бўйича ўринбосарининг буйруғи билан қўшинларда қўл жанги кўргазмали мусобақа ташкил этилди.

Уч босқичда ўтказиладиган ушбу мусобақа ҳарбий жамоаларнинг жипслигини таъминлаб, ҳамжихатликда ҳаракат қилиш, жамоаларда жанговар руҳни юксалтириш, қурол билан мураккаб қўл жанги элементларини намойиш этиш ҳамда бу спортни оммалаштириш каби мақсадларни ўз ичига олади.

Нукус гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмлардан бирининг негизида ўтказилган Шимоли-ғарбий ҳарбий округ миқёсида қўл жанги кўргазмали мусобақаси бу спортнинг ўзига хос қирраларини янада очиб, жозибасини кўрсатди.

Майдонда бирин-кетин мусобақалашган 5 та энг сара жамоалар жамоавий жипсликни, куч, шижоат ва маҳоратни кўргазмали тарзда намойиш эта олишди.

Айниқса, беллашувда яқиндагина сафларни тўлдирган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари ҳайъат аъзолари ва кузатувчиларда таассуротлар қолдирди.

Якуний натижалар бўйича фахрли ўринларни қўлга киритган жамоалар кубок ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди. Беллашувда ғолибликни қўлга киритган жамоа эндиликда Мудофаа вазирлиги миқёсида бўлиб ўтадиган мусобақанинг финал босқичида ҳарбий округ шарафини ҳимоя қилиш учун йўл олади.

Мусобақада махсус техникалар, тутун ва имитацион воситалардан фойдаланилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати