Нукус гарнизонида Мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилиши ўтказилди

Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида”ги Қонуни 8-моддасига асосан Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида “2021 йилнинг 6 ойида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш аҳволи. Ҳуқуқ-тартибот ва ҳарбий интизомни мустаҳкамлаш зарур чора-тадбирлари” ҳамда “тезкор-қидирув фаолияти” юзасидан Мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилиши ўтказилди.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилишига Нукус ҳарбий прокурори адлия полковниги Фахриддин Бегашев раислик қилди. Унда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов қатнашди.

 

Кенгаш йиғилишида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлиги ҳамда ҳарбий қисм командирлари ва муассасалар бошлиқлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига қарашли ҳудудий бўлинмалар мансабдор шахслари иштирок этди.

Тадбир давомида қўшинларда ҳарбий интизом ҳолати таҳлил қилиниб, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, Қуролли Кучлар фахрийларининг мурожаатларини ўрганиш ҳамда муаммоли масалаларни ҳал этишда кўмаклашиш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматни ўташда хавфсиз ва қулай шароитларни яратиш борасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Мутасаддилар ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда улар ўртасида соғлом рақобатбардош муҳитни шакллантиришда ҳуқуқ-тартибот орган ходимлари билан ҳамкорликда ўтказиладиган профилактик тадбирларнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтишди.

Йиғилиш якунида олти ойлик ҳисобот маълумотлари ҳамда жорий йилнинг иккинчи ярми учун режалаштирилган тадбирлар бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан қарор қабул қилинди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати