Хоразм вилояти мудофаа ишлари бошқармасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича суҳбат ўтказилди

Хоразм вилояти Мудофаа ишлари бошқармасида Урганч ҳарбий прокуратураси ходимлари ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши Хоразм вилояти минтақавий бўлинмаси вакиллари иштирокида “Бизнинг орамизда жиноятчиликка ўрин йўқ” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучлар ишчи-хизматчилари мавзу юзасидан маърузаларни тинглаб, жиноятчилик учун қонун ҳужжатларида белгиланган жазо турлари эслатиб ўтилди.

Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, қалбида Ватанга садоқат ва меҳру муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлашда ҳар бир инсоннинг ўрни беқиёс бўлиб, бу борада мудофаа ишлари бошқарма ва бўлимлари томонидан олиб борилаётган ишлар муҳим аҳамиятга молик саналади. Армия сафларида хизмат қилишни болаликдан қалбига туйган не-не юрт ўғлонлари бугун давлатимиз равнақи йўлида муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда. Зеро, мудофаа ишлари бошқарма ва бўлимларини “армия остонаси” дея бежиз айтишмайди.

Тадбир давомида фуқаролар билан ишлашда мудофаа ишлари бошқарма ва бўлимларида хизмат қилаётган соҳа вакиллари ўз ваколатини суистеъмол қилмаган ҳолда адолатли ва ҳалол иш олиб бориши, соҳада коррупцияга йўл қўйилмаслиги армиямиз келажагини белгиловчи муҳим омил эканлиги маърузачилар таъкидлаб ўтишди.

Мазмунли суҳбат асносида ўтказилган профилактик тадбирда иштирокчилар  ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассисларнинг жавобини олишди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати