Ҳарбийлар Мўйноқдаги “Оқ кема” оромгоҳига қувонч улашди

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан саҳродаги “Оазис” каби янги ҳаётга нажот бағишлаб турган ва болажонларнинг энг севимли масканига айланиб улгурган Мўйноқдаги “Оқ кема” оромгоҳида Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрамига бағишлаб ватанпарварлик фестивали ўтказилди.

Президентимиз ташаббуси билан қуриб битказилган оромгоҳ айни пайтда болаларнинг таътилни мазмунли ўтишига муносиб ҳисса қўшмоқда.

“Оқ кема” юртимизнинг энг олис ҳудудда, Нукусдан 225 км узоқликда жойлашган соғломлаштириш оромгоҳи бўлиб, у ерда маданий ҳордиқ чиқариш билан биргаликда болаларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш,  уларнинг турли йўналишларда билим ва малакаларини мустаҳкамлаш учун тажрибали педагог-ходимлар кўмак бермоқда. Оромгоҳ ҳар бир навбатда 250 нафар болани қабул қилишга мўлжалланган. Ўн икки кун давом этадиган бир навбат қизиқарли ва мазмундор режа асосида болаларга қувонч улашга хизмат қилади.

Ҳарбий хизматчилардан иборат бўлган “Ватанпарварлик карвони”нинг келиши оромгоҳда мазза қилиб дам олаётган болаларда катта қизиқиш уйғотди.

Дастлаб, жамоавий жипсликни таъминлаш мақсадида ўтказилган ҳарбийлашган эстафетада иштирокчилар газниқобларни кийиш, тўсиқларни биргаликда енгиб ўтиш ҳамда автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиб-йиғиш каби шартларда ўзаро куч синашди. Болалардаги ҳарбийликка бўлган қизиқиш мусобақада намоён бўлди.

Нукус гарнизонидаги Сафарбарлик чақируви резерви батальонида айни вақтда хизмат қилаётган йигитлар болаларни эстафета шартлари билан таништириб, жамоаларни баҳолаб боришди. Якунда энг эпчил ва чаққон жамоа аъзолари ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Юртимизда жорий этилган карантин қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда ўтказилган фестиваль очиқ майдонда давом этди. Оромгоҳ ҳудудининг марказидан ўрин олган амфитеатрда тартиб билан жойлашган болажонлар байрам томошасини интиқ билан кутишди.

Нукус гарнизони ҳарбий оркестри ҳамда Мўйноқ тумани маданият бўлими хонандалари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар барчани рақсга чорлади. Муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган қурол билан саф элементлари барчада катта таассуротлар қолдирган бўлса, фокус устаси ва масхарабознинг чиқишлари болаларни ҳайратда қолдирди.

Қувончли лаҳзаларга тўлган байрам томошаси ҳеч кимни беэътибор қолдирмади. Ёзги таътилни сермазмун ўтказаётган болажонларда ҳабийлар билан учрашув унутилмас таассуротлар қолдириши табиий.

Фестиваль якунида, оромгоҳ маъмурияти ажойиб концерт дастурини ташкил этиб келган ҳарбий хизматчилар ва меҳмонларга ўзларининг миннатдорлигини билдиришди.

Таъкидлаш жоизки, Мудофаа вазирлиги раҳбариятининг ташаббуси билан юртимизнинг энг олис ҳудудларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун ҳам ёзги оромгоҳларда дам олишлари учун бир қатор имтиёзлар яратилган. Ана шундай ташаббуслардан яқинда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида хизмат қилаётган бир гуруҳ ҳарбийларнинг 31 нафар фарзанди фойдаланиб, имтиёзли йўлланма асосида Мўйноқ туманидаги “Оқ кема” соғломлаштириш оромгоҳида дам олиш имконига эга бўлди. Оромгоҳда дам олиш учун ҳар бир йўлланманинг 70 фоиз нархи Мудофаа вазирлиги томонидан, қолган 30 фоизи ҳарбий хизматчилар томонида тўланиши белгиланган.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати