РАСМИЙ МУНОСАБАТ: Нукус шаҳридаги ҳарбий пенсионерларнинг муаммолари ижобий ҳал этилмоқда

Ижтимоий тармоқларда Нукус шаҳридаги 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчада истиқомат қилаётган бир гуруҳ ҳарбий пенсионерлар бир нечта масала бўйича мурожаат қилингани ҳақида видеотасвирлар жойлаштирилган.

Видеотасвирда бир гуруҳ ҳарбий пенсионерлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги балансида турган ёпиқ ҳарбий шаҳарчани Нукус шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказиш бўйича мурожаат қилинган. Шунингдек, Қуролли Кучлардан захирага бўшатилган собиқ ҳарбий хизматчилар бўлган фуқароларни рўйхатга олиш айни вақтда ушбу ёпиқ ҳарбий шаҳарчанинг турар-жойларида эмас, балки ҳарбий шаҳарча ҳудудидан ташқарида, ички ишлар органлари томонидан шаҳардаги бошқа манзилларга ҳисобга олингани таъкидланган.

Айнан бу ҳолатлар бўйича 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчада яшовчи ҳарбий пенсионерлар томонидан мурожаатлар келиб тушмаган бўлсада, муаммолар “Ватанпарвар” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг берган маълумотига асосан 2021 йилнинг 5 июль куни ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан зарур чоралар кўриш ҳамда 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчада яшайдиган аҳолининг муаммоли масалаларини ҳал этиш мақсадида давлат органларининг мансабдор шахслари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов раислик қилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси Халқ қабулхонаси мутахассиси Ш. Ибрагимов, Давлат кадастрлар палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг Нукус шаҳар филиали бошлиғи А.Худайбергенов, Нукус шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи майор Б. Алланазаров, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ходими Ғ. Болтаев, 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчадаги “Ватанпарвар” МФЙ раиси Р. Бекниязова ҳамда ҳарбий шаҳарча ҳудудидаги 44-сон мактаб директори Б. Акимов қатнашди.

Кун тартибига киритилган биринчи масала, яъни ёпиқ ҳарбий шаҳарчада яшовчи ҳарбий пенсионерларнинг ўзлари яшаётган ва Мудофаа вазирлиги балансида турган турар-жой манзилига электрон ҳисобга қўйиш ҳамда турар-жой кадастри билан боғлиқ муаммоли масала атрофлича ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш жараёнида 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчада яшовчи ҳарбий пенсионерлар томонидан фарзандларини мактабга жойлаштириш мақсадида янги тизим бўйича Халқ таълим вазирлигига электрон талабнома юборилганида, электрон тизимда улар яшаётган манзиллари ўрнига ҳарбий шаҳарчадан ташқаридаги бошқа бир номаълум манзилларда рўйхатга қўйилганлиги аниқланган.

1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчадаги турар жойларда яшовчи аҳолининг яшаш манзилларига эмас, балки бошқа манзилларга рўйхатга қўйилганлиги сабабларига аниқлик киритиш мақсадида Нукус шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи майор Б.Алланазаров маълумот берган. Унинг сўзларига кўра, Кадастр бўлими томонидан электрон тизимга 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчадаги турар жойларининг кадастр рақамлари киритилмаган. Яъни, янги электрон тизим бўйича фуқароларни рўйхатга қўйишда, албатта кадастр рақами киритилиши лозимлиги, агар кадастр рақами киритилмаса, электрон тизим қабул қилмаслиги таъкидланган. Б.Алланазаров шу муаммолар сабаб, фуқароларни рўйхатга қўйиш бўйича электрон тизим базаси яратилганида 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарча аҳолисининг рўйхатга олиш манзиллари бўйича бошқа манзиллардаги кадастр рақамларини киритишга мажбур бўлганлигини билдирди. Бунга фуқароларнинг статистик ҳисобини юритиш зарурлиги сабаб қилиб кўрсатилган.

Ушбу масала бўйича Давлат кадастрлар палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси Нукус шаҳар филиали бошлиғи А.Худайбергенов ҳам маълумот берди. Унга кўра, 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчадаги яшаш турар жойларининг кадастр ҳужжатлари махфийлик даражасига эга бўлганлиги сабаб, кадастр рақамлари электрон тизимга киритилмаганлиги айтиб ўтилди.  А.Худайбергенов томонидан, агар 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчадаги яшаш турар жойларининг кадастр ҳужжатларидан махфийлик даражаси олиб ташланса, кадастр рақамларини электрон тизимга киритиш мумкинлиги бўйича таклиф билдирилди.

Кун тартибидаги иккинчи масала, яъни 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчада яшовчи ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий пенсионерларнинг фарзандларини мактабга жойлаштиришдаги юзага келган муаммолар бўйича Қорқалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ходими Ғ.Болтаев тушунтириш бериб ўтди. Мутахассис фикрига кўра, ҳозирги кунда болаларни мактабга қабул қилиш янги электрон тизим орқали амалга оширилиши, мактабга қабул қилиш бўйича талабномалар ота-оналар томонидан электрон тизимга киритилиши, талабномаларни қабул қилиш 2021 йил 25 июль кунига қадар узайтирилганлиги, шу муддатга қадар 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчада яшовчи фуқароларни рўйхатга олиш бўйича муаммо ҳал қилинадиган бўлса, электрон тизим орқали талабнома беришда муаммо бўлмаслиги таъкидланди.

Йиғилиш якуни бўйича Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони томонидан тегишли қарор қабул қилинди. Қўмондоннинг топшириғига мувофиқ, 2021 йил 5 июль куни қўмондон ўринбосарлари томонидан 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчада яшовчи ҳарбий пенсионерлар билан учрашув ўтказилиб, уларни ўйлантириб келаётган масалаларни ижобий ҳал қилиш бўйича йиғилиш ўтказилгани, муаммолар тез кунларда ҳал бўлиши бўйича тушунтириш берилган. Шунингдек, учрашувда ҳарбий пенсионерлар келгусида юзага келиши мумкин бўлган муаммоли саволлар билан биринчи навбатда округ қўшинлари қўмондонлигига мурожаат этишлари мумкин эканлиги етказилган.

Йиғилиш қарорига кўра, 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчада жойлашган яшаш турар жойларининг кадастр ҳужжатларидан махфийлик даражасини олиб ташлаш бўйича Давлат кадастрлар палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси Нукус шаҳар филиалига тегишли тарзда талабнома берилиб, қисқа муддатларда ижобий натижаларга эришиш бўйича ҳарбий округ мансабдорларига кўрсатма берилган.

Шунингдек, округ қўмондонининг топшириғига кўра, 2021 йилнинг 15 июль кунига қадар Нукус шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчадаги турар жойларда яшаётган фуқароларнинг рўйхатини бериб, фуқароларнинг ўзлари яшаб турган манзил бўйича рўйхатга қўйиш ишлари тўлиқ якунлаш чоралари кўрилиши белгиланди.

2021 йилнинг 10 июль куни ҳолатига кўра, 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчада жойлашган ҳар бир хизмат хонадонига алоҳида кадастр рақами берилиб, хозирда ушбу рақамларга асосан фуқароларнинг ўзлари яшаб турган манзил бўйича рўйхатга қўйиш ишлари бошланган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 июндаги 552-сон фармойишига мувофиқ, Нукус гарнизонидаги 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарча ҳудудидаги 24 хонадондан иборат бўлган 37-сонли ҳамда 32 хонадондан иборат бўлган 38-сонли турар-жой бинолари, уларга туташ бўлган 10,09 гектар ер майдони билан Нукус шаҳар ҳокимлиги балансига топширилган.

Ҳаётини Ватан ҳимоясига бағишлаб, бугун нафақа гаштини сураётган ҳарбий пенсионерларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва бир неча йиллардан буён ечилмаётган муаммоли масаларни ҳал этиш мақсадида ҳарбий округ қўмондонлигининг саъй-ҳаракати билан 2020 йилдан бугунги кунга қадар 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарча ҳудудидан ташқаридаги шаҳар ҳокимлигига ўтказилган хонадонлар (37 ва 38 уйлар)да истиқомат қилаётган 41 нафар, шунингдек, Нукус шаҳри ҳудудида жойлашган хонадонларда 13 нафар собиқ ҳарбий хизматчиларнинг ҳужжатлари ўрганиб чиқилди. Айни вақтда қонун ҳужжатларига асосан ушбу ҳарбий хизматчиларнинг яшаб турган хизмат хонадонлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги уй-жой фондидан чиқарилиб, улар ҳисобига тўлиқ хусусийлаштириб берилди.

Ҳарбий пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларни уй-жой билан таъминлаш масаласи бўйича ҳарбий округ қўшинлар қўмондонлиги томонидан амалий ишлар олиб борилмоқда.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий пенсионерларни бу каби масалалар бўйича тўғридан-тўғри қўмондонликка мурожаат этишга чақиради

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати