Ҳарбийларнинг фарзандлари имтиёз асосида Мўйноқдаги машҳур “Оқ кема” оромгоҳида дам оляпти

Қуролли Кучларимизда олиб борилаётган ислоҳотлар замирида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, уларга хавфсиз хизмат ва турмуши учун қулай шарт-шароитларни яратиш каби устувор мақсадларга мужассам.

Жумладан, Мудофаа вазирлиги раҳбариятининг ташаббуси билан юртимизнинг энг олис ҳудудларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун ёзги оромгоҳларда дам олишлари таъминланиб келинмоқда.

Ана шундай ташаббуслардан Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида хизмат қилаётган бир гуруҳ ҳарбийларнинг 31 нафар фарзанди фойдаланиб, имтиёзли йўлланма асосида Мўйноқ туманидаги “Оқ кема” соғломлаштириш оромгоҳида дам олиш имконига эга бўлди.

Таъкидлаш жоизки, оромгоҳда дам олиш учун ҳар бир йўлланманинг 70 фоиз нархи Мудофаа вазирлиги томонидан, қолган 30 фоизи ҳарбий хизматчилар томонида тўланиши белгиланган.

Мактабнинг сўнгги кунларини интиқлик билан кутган ўғил-қизлар ёзги таътилга чиқадилару, кимдир қишлоққа бобо-бувисининг олдига яна кимлардир оромгоҳлар томон йўл олишади. Оромгоҳда ҳордиқ чиқариш гашти эса болалар ҳаётида унутилмас хотиралар билан муҳрланиши шубҳасиз. Юртимизнинг ҳар бир вилоятида болаларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун турли оромгоҳлар хизмат кўрсатади. Ана шундай оромгоҳлардан бири Қорақалпоғистон Республикаси, Мўйноқ туманида жойлашган замонавий кўринишдаги “Оқ кема” дам олиш масканидир.

Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан қуриб битказилган оромгоҳ айни пайтда болаларнинг таътилни мазмунли ўтишига муносиб ҳисса қўшмоқда. “Оқ кема” юртимизнинг энг олис ҳудудда, Нукусдан 225 км узоқликда жойлашган соғломлаштириш оромгоҳи бўлиб, у ерда маданий ҳордиқ чиқариш билан биргаликда болаларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш,  уларнинг турли йўналишларда билим ва малакаларини мустаҳкамлаш учун тажрибали педагог-ходимлар кўмак бермоқда.

“Оқ кема” оромгоҳи ҳар бир навбатда 250 нафар болани қабул қилишга мўлжалланган. Ўн икки кун давом этадиган бир навбат қизиқарли ва мазмундор режа асосида болаларга қувонч улашга хизмат қилади. Марказда болалар ётоқхоналари барча жиҳозлар билан таъминланган. Футбол, баскетбол, волейбол майдончалари, сузиш ҳавзаси болалар хизматида. Стол тенниси, шахмат-шашка ўйинлари учун махсус жойлар ҳам мавжуд бўлиб, кечки салқинда кичик мусобақалар ўтказилиши анъанага айланган. Маданий тадбирларни ташкил қилиш учун амфитеатр, адабиётга бой кутубхона болалар ихтиёрида бўлади. Тиббиёт хоналари, ошхона ҳаам замонавий ускуналарга эга бўлиб, оромгоҳда дам олаётган болаларнинг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиши ҳамда калорияга бой бўлган овқат тановул қилишига хизмат қилади.

Ҳарбийларнинг фарзандлари оромгоҳга борган куниданоқ, бир олам таассуротларга эга бўлишди. Оромгоҳнинг махсус логотипи туширилган либослари, мазали таомлар ва замонавий дизайндаги бинолару хоналар болаларга қувонч бағишлаб, ёзги таътилни сермазмун ўказишига муносиб туҳфа бўлди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати