Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Нукус ҳарбий госпитали олис манзилларда аҳолига хизмат кўрсатмоқда

2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Нукус ҳарбий госпитали вакиллари билан ҳамкорликда Нукус туманидаги чекка ҳудудлардан бирида аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари амалга оширилди.

Таъкидлаш жоизки, бугун барча соҳа вакиллари каби Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ҳам юртдошларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, туман марказларидан узоқ масофада истиқомат қилаётган аҳолига амалий кўмак бериш учун бирдамликда, ҳамжихатликда қўйилган вазифаларни бажариб келмоқда.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг олис ҳудудларидан бири бўлган Нукус туманининг Кердер овулида ҳам ҳайрли ишлар амалга оширилмоқда. Нукус шаҳридан чамаси 60 км.ча узоқликда жойлашган ушбу овулда 684 хонадонда 750 нафар оила истиқомат қилади. Жами 3715 нафар аҳолидан 1912 тасини аёллар ва 1456 нафарини болалар ва ёшлар ташкил этади. Овулда 4 оила “Темир дафтарга” киритилган бўлиб, улар билан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Аҳоли соғлигини сақлаш, уларга бериладиган тиббий маслаҳат ва муолажалар сифатини ошириш, бир сўз билан айтганда ватандошларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Нукус ҳарбий госпиталининг малакали шифокорларидан иборат тиббий бригада томонидан овулда бир кун давомида тиббий кўриклар ўтказилди.

Жарроҳ, невропатолог, терапевт, онколог, окулист, акушер-гинеколог, педиатр, лор, дерматолог, стоматолог каби малакали мутахассислар томонидан ўтказилаётган чуқурлаштирилган тиббий кўриклар давомида овул аҳли ультратовуш ҳамда ЭКГ текширувидан ўтказилиб, мобил лабораторияда қон таҳлили билан бир неча сонияда танишиш имконига эга бўлди. Тиббий кўриклар сифатини ошириш ҳамда аҳоли ва шифокорларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Мудофаа вазирлиги раҳбарияти томонидан Нукус ҳарбий госпиталига тақдим этилган “КАМАЗ” юк автомашинаси негизида юртимизда яратилган янги “Ҳарбий мобил тиббий марказ” мажмуаси ҳамда “ISUZU” махсус тиббий ёрдам автомашинаси имкониятларидан фойдаланилди.

Тиббий кўрик давомида 295 нафар аҳолининг саломатлиги текширилиб, 13 нафарига туман тиббиёт бирлашмасида стационар ҳамда 195 нафарига амбулатор шароитларда даволаниш учун йўлланмалар берилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати