Маънавият фестивали Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмга ҳам кириб борди

Мустақиллик олий неъмат. Унда саодат бор, замирида тинчлик, ҳотиржамлик, фаровонлик ва эркинлик мужассам. Истиқлол балққан Ўзбекистон бу йил ўзининг 30 йиллик таваллудини нишонлайди. Шу муносабат билан юртимизнинг барча туман ва шаҳарларида, энг олис гўшаларда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида байрам шукуҳи кезиб юрибди.

Ана шундай тадбирлардан бири Шимоли-ғарбий ҳарбий округга қарашли Нукус гарнизонидаги энг олис ҳудудда жойлашган ҳарбий қисмлардан бирида “Маънавият фестивали” доирасида “Маърифат соатлари” ташкил этилди.

Унда Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ўктам Мирзаёр, Лондонда бўлиб ўтган халқаро танлов совриндори, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа ва санъат институтининг 2-босқич талабаси бахшичилик санъатининг ёнаётган юлдузи Махсума Умрбекова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар – Меҳмонали Салимов ва Асатилла Холиқовлар қатнашиб, ҳарбий хизматчилар ҳамда Нукус тумани ёшлари билан ижодий суҳбат қуришди. Тадбирда Нукус ҳарбий прокуратураси органи вакиллари ҳам иштирок этди.

 

Юртимизнинг таниқли инсонлари билан жонли ижодий мулоқот иштирокчиларда катта таассурот қолдирибгина қолмасдан, чин маънодаги маънавият ва маърифат соатига айланди.

Меҳмонлар ўз нутқларида мустақиллигимиз, жумладан сўнгги йилларда олиб борилаётган кенг ислоҳотлар ҳақида сўз очиб, республикамизда амалга оширилган қатор ўзгаришлардан гапиришди. Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда муносиб ҳисса қўшиб келаётган ҳарбийларнинг хизматларидан руҳланган Жамила Шермухаммедова ўз сўзида Қорақалпоғистондек заминда хизмат қилаётган, шимоли-ғарбий сарҳадларнинг асл баҳодирлари мана шу давранинг ҳарбийлари эканлигини тўлқинланиб гапирди, уларга бутун Ўзбекистон халқи номидан таҳсину, миннатдорчилик билдирди. Албатта, олима аёлнинг бу гаплари ҳарбийларга илоҳий куч бергани шубҳасиз.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Қуролли Кучларимизни қайтадан ислоҳ қилиш натижасида мазкур ҳарбий қисм янгича қиёфада энг замонавий кўринишга эга бўлди. Ҳарбий қисм гарнизоннинг энг олис туманида жойлашган бўлишига қарамасдан, барча шароитларга эга. Маънавият улашувчилар ҳарбий қисм шароитлари билан яқиндан танишиш чоғида, буларнинг бари истиқлол шарофати ва Президентимиз томонидан олиб борилаётган оқилона ва одилона сиёсатнинг намунаси эканлигин таъкидлаб ўтишди.

Учрашув ижодий кечага уланиб кетди. Меҳмонлар ўзларининг дил сўзларини қайноқ қўшиқлар билан изҳор қилган бўлса, ҳарбийлар қувончини фахрий қоровулнинг саф ҳамда қўл жанги элементлари билан кўргазмали чиқишлари билан намойиш қилишди.

Тадбир давомида ўқувчи ёшлар учун ҳарбий қисмда қурол-аслаҳа намойиши ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз, “Маънавият фестивали” тарғиботчилари иштирокидаги тадбирлар Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати