Нукусда ҳарбий-техник мутахассислик бўйича таълим олган ёшлар ўқишни битирди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг айрим таълим муассасалари ва автодромларни уларнинг асосий воситалари, ўқув ва моддий-техник базаси билан биргаликда оператив бошқариш ҳуқуқи асосида Мудофаа вазирлиги қабул қилиб олган эди.

Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш маркази ўз фаолиятини 2019 йилдан бошлаб, бугунги кунга қадар юзлаб тайёр мутахассисларни Қуролли Кучлар сафига етказиб берди.

Марказ армия учун “В” ва “С” тоифасидаги енгил ва оғир ҳарбий автомобилларни бошқарадиган ҳайдовчилар, “Дизелчи-элетрик” ва “Ошпазлар”ни етиштирибгина қолмай, ёшларни маънавий-ахлоқий ҳамда ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаб келади.

Таъкидлаш жоизки, марказда таълим олаётган курсантларннг озиқ-овқат, кийим-кечак ва маиший таъминоти давлат бюджети томонидан қопланади. Ҳар йили марказ 110 нафар қорақалпоғистонлик ёшларга таълим-тарбия бериб, касбга ўқитади ҳамда армия сафларига кетиш учун тайёрлаб беради. Ўқиш муддати уч ой бўлиб, унда аниқ, гуманитар-ижтимоий, техник ҳамда бошқа фанлар билан бир қаторда дастлабки ҳарбий тайёргарлик ҳам ўқитиб борилади. Демакки, бу ерни тамомлаган ёшлар ҳарбийча ҳаёт тарзига анчагина кўникиб, армия сафларига йўл олишади.

Курсантларнинг сифатли таълим олиши ҳамда мутахассислик эгаллаши учун 10 дан ортиқ ўқув хонаси, пневматик милтиқдан ўқ отиш учун тир, техникаларни сақлаш бокслари, спорт зали, кутубхона, ётоқхона, ошхона ҳамда бошқа маиший иншоотлар мавжуд. Назарий билимларни амалиётда мустаҳкамлаш тизимининг самарали бўлишини таъминлаш учун марказда мавжуд лабораториялардаги ўқув-машқ техникаларидан кенг фойдаланилади. Таълим-тарбия жараёнига 8 нафар ўқитувчи ҳамда 4 нафар йўриқчилар жалб этилган бўлиб, ёшлар билан ҳам жамоавий, ҳам индивидуал ишлаш тамойили асосида машғулотлар олиб борилмоқда.

Уч йўналишда таҳсил олаётган курсантлар гуруҳининг ҳар бирида 20 нафардан ёшлар таълим олади. Алоҳида айтиш лозимки, мазкур таълим муассасасини тамомлаган курсантлар биринчилар қатори таълим олган мутахассислиги бўйича муддатли ҳарбий хизматга олинади.

Техникаларни амалий бошқаришни ўргатиш учун марказда 3 та юк ҳамда 2 та енгил автомобиль мавжуд бўлиб, Нукус шаҳри четида жойлашган автодром ҳамда муассасадаги майдонда мунтазам машқлар бажариб келинади.

Албатта, бунда аввал курсантлар машғулотларни электрон тренажёрларида бажариб, шундан кейингина маҳоратини дала-ўқув майдонида мустаҳкамлайди.

Курсантларнинг жисмонан баркамол бўлиб вояга етиши ҳамда соғлом турмуш тарзини одат қилиб бориши учун марказ қошида фаолият юритаётган бокс, қўл жанги, ўқ отиш спорти ҳамда авиамоделчилик тўгаракларининг ўрни муҳим бўлмоқда.

Мунтазам ўтказилаётган мусобақа ва танловлар эса бўлинмаларда соғлом, рақобатбардош муҳитни таъминлаб, ёшларда етакчилик қобилиятининг шаклланишига ҳисса қўшмоқда.

Кутубхонадаги китобхонлик кечалари, курсантлардан иборат бадиий ҳаваскорлик тўгараги томонидан тайёрланаётган ҳамда ўзида миллий урф-одат ва анъаналарни акс эттирган қўргазмали чиқишлар Нукус шаҳридаги кўплаб таълим муассасаларда намойиш этилмоқда.

Марказда таҳсил олиш учун номзодлар туман, шаҳар мудофаа ишлари бошқармасига мурожаат этиши ҳамда белгиланган саралаш босқичларидан ўтиши керак бўлади. Энг сара йигитлар ушбу таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинади.

Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказида ўқувчиларнинг навбатдаги битируви муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди.

Унда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг биринчи ўринбосари – штаб бошлиғи полковник Дилшод Илхомов, Қоақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси, ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар фахрийлари ҳамда битирувчиларнинг яқинлари қатнашди.

Маросимда ҳарбий хизматга қадар тайёрлов курсларини ўтаган ҳамда мутахассисликка эга бўлган 53 нафар ёшларга тегишли сертификатлар тантанали тарзда топширилди.

Тадбир давомида намунали ҳулқи, ўқишда эришган ютуқлари билан алоҳида ажралган бир гуруҳ ёшлар марказ маъмуриятининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

Нукус гарнизони ҳарбий оркестри, ҳарбий қисм фахрий қоровул взводи ҳамда марказ битирувчилари томонидан тайёрланган кўргазмали чиқишлар тантанага байрамона кайфият туҳфа этди.

Мутахассисликка эга бўлган ёшлар она Ватанни кўз қорачиғидек асрашга, эл-юртимиз, халқимизга хизмат қилишга ваъда берди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати