Нукусдаги қурилиш соҳаси мутахассисларини тайёрлаш марказида илк битирув маросими ўтказилди

Кеча, 30 июнь куни ички ва ташқи меҳнат бозорларида кундан-кунга талаб ортиб бораётган қурилиш соҳаси мутахассисларини қисқа ўқув курси доирасида тайёрлаб берувчи Нукус қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш марказида илк битирув маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 январдаги “Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижий давлатга кетаётган шахсларни ва банд бўлмаган аҳолини ўқитишни ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан шу йилнинг апрель ойида Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти ва ҳудудий ҳарбий-маъмурий сектори томонидан Нукус шаҳридаги Транспорт коллежи негизида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги назорати остида Нукус қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш маркази ўз фаолиятини бошлаган эди.

Муассасада темир-бетон ишлари устаси, ғишт терувчи, электро-газ пайвандчи, дурадгор, сувоқчи, бўёқчи-безакчи, сантехника ишлари устаси, электро-монтажчи, кўтарма кран бошқарувчисининг ёрдамчиси, қопловчи-плиткачи, пўлат ва темир бетон конструкциялар монтажчиси, гипсокартон монтажчиси, кран машинисти каби 13 та мутахассислик бўйича таълим-тарбия берилади.

Маросимда 11 та таълим йўналиши бўйича 3 ойлик курсларни биринчи бўлиб тамомлаган 251 нафар фуқарога мутахассислиги бўйича халқаро даражадаги сертификат тантанали топширилди. Шунингдек, таълим жараёнида тиришқоқлиги, намунали ҳулқи, шахсий масъулияти учун бир гуруҳ ўқувчи ва ўқитувчилар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Битирув маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Нуруллан Ерлепесов, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов, Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазири Султанбай  Сапаров, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Юлдаш Алимов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда марказ шахсий таркиби иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, бугун хорижий мамлакатлар, шу ўринда юртимизда жадал олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари ўз ўрнида ҳам ташқи, ҳам ички меҳнат бозорларида қурилиш соҳасинииг малакали мутахассисларига талабни ошириб келаётганини, бу ўз навбатида аҳоли бандлигини таъминлаш, талаб ошаётган соҳага ўз касбининг моҳир мутахассисларини тайёрлаш тизимини тубдан яхшилашни тақозо этмоқда. Сўз олганлар таълим бериш тизимининг барча талабларига жавоб берадиган мазкур марказда яратилган қулай шарт-шароитлар касб танлаш учун бел боғлаган фуқароларнинг малака ва тажриба орттиришида обрўли масканига айланишини ва бунинг натижасида аҳоли бандлигини сезиларли даражада юксалтиришга эришишимиз мумкинлигини алоҳида эътироф этишди.

Айтиш жоизки, марказда таҳсил олаётган фуқаролар учун қурилиш соҳаси йўналишлари бўйича зарур кўникмаларга эга бўлиши билан бир қаторда хорижий тиллар ҳамда бориши режалаштирилаётган давлатнинг тарихи, анъаналари, урф-одатлари ва қонунчилиги бўйича дастлабки билимлар берилиб, касб-ҳунарга ўргатилади.

Бу ерда ўқитилаётган ватандошларимизда миллий маданиятимиз ва тарихий қадриятларимизга ҳурмат руҳини янада юксалтириш, улар онгига ватанпарварлик туйғуси, Ватанга муҳаббат ва меҳнатга масъулият билан ёндашишни чуқур сингдириш таълим тизимининг асосий мақсадларидан ҳисобланади. Ривожланиб бораётган қурилиш соҳасида замонавий технологиялар ёрдамида ишлашни ўргатиш мақсадида таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларни, илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларини кенг жорий этиш тизими йўлга қўйилган.

Марказ учун ажратилган ижтимоий объектларда капитал таъмир ва реконструкция ишлари натижасида замонавий андозаларга асосланган 14 та ўқув ва амалиёт хоналари, 300 ўринли иккита ётоқхона, уч маҳал овқат пишириб бериш қувватига эга бўлган шинам ва кўркам ошхона, маънавият ва маърифат маркази, кутубхона ҳамда спорт зали барпо этилди.

 

Муҳандислик тармоқларини таъмирлашга ихтисослашган амалий машғулотлар устахонаси ҳар бир мутахассислик бўйича алоҳида жиҳозлар, керакли дастгоҳ ва ўқув буюмлари билан жиҳозланди.

Марказда таҳсил олувчилар олган назарий билимларини амалда мустаҳкамлашлари учун 3 гектардан иборат бўлган ўқув полигони учун ер майдони берилган.

Муассасанинг моддий-техник базасини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан ўқув жараёнларида фойдаланиш учун замонавий, сўнгги русумдаги 5 дона автобус, автокран, самосвал, эксковатор, юкловчи каби махсус техникалар ва автотранспорт воситалари, кўтариш кранлари ва ўқув тренажёрлари ажратилган.

Марказда қурилиш соҳасидаги касблар бўйича ўқитиш World Skills каби халқаро стандартларга мувофиқ ҳамда потенциал хорижий иш берувчиларнинг талабларини ҳисобга олган ҳолда, хорижий, яъни рус ва бошқа тиллар бўйича ўқитиш етакчи маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўқув дастурлари асосида амалга оширилади. Бу ўз навбатида битирувчиларга мутахассислиги бўйича жаҳоннинг энг илғор ва етакчи ишлаб чиқариш корхоналари ва хизмат кўрсатиш ташкилотларида фаолиятларини давом эттириш имконини беради.

Ушбу таълим даргоҳида 13 йўналишдан 11 таси 3 ойлик, қолган 2 таси 4 ойлик ўқув курслари сифатида ўқитилади. Таълим олаётган фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси ҳам давлатимиз эътиборидан четда қолмаган. Зеро, марказ ўқувчилари бепул махсус кийим-кечак маҳсулотлари билан таъминланиб, уч маҳал калорияга бой бўлган овқатланиши ташкил этилмоқда. Қолаверса, ҳар ойда ўқувчиларга давлатимиз томонидан 560 минг сўм степендия тўланмоқда. Ҳукуматимиз томонидан халққа бўлган бундай эътибор ва ғамҳўрликларга марказда таълим олганлар мамлакат тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиши билан жавоб қайтаришига ваъда беришди.

Тадбир сўнгида Нукус гарнизони ҳарбий оркестри томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар барчада илиқ таассуротлар қолдирди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати