Нукусдаги маҳаллада Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси билан учрашув

Нукус гарнизони ҳарбий қисмларидан бирининг ташаббуси билан Нукус шаҳридаги “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида “Халқ ва армия якдил” шиори остида аҳоли иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувни капитан Абдурахмон Саидматов очди. Сўнг сўз навбати Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, “Шуҳрат” медали соҳиби, “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмалари аъзоси Алланазар Абдиевга берилди. Қизиқарли ва мазмунга бой ўтган учрашувда ёзувчи А.Абдиев давлатимизнинг бугунги кун сиёсати, халқ манфаати йўлида олиб борилаётган кенг ислоҳотлар ҳақида батафсил тўхталиб, Қорақалпоғистонда сўнгги йиллардаги ўзгаришлар ва келажакда кутилаётган самарали натижалардан сўзлади.

Яқинда ёзувчининг чоп этилган “Қарақалпақ қосығи” номли асари китобсеварлар учун ажойиб туҳфа бўлиб, учрашувда китоб тақдимоти ҳам ўтказилди. Ёзувчининг дастхати туширилган бир нечта китоблар ҳарбий қисм кутубхонасига ва учрашувда иштирок этган маҳалла фаолларига ҳадья этилди.

Ватанпарварликка йўғрилган учрашув кекса ёшдаги қарияларга манзур бўлди. Айниқса, эзгулик ва саҳоватни кўзлаган бу каби тадбирлар мунтазам ташкиллаштирилиши аҳоли орасида миннатдорлик ҳиссини  уйғотиб, халқ ва армиянинг ўзаро жипсликда ҳаракат қилишга хизмат қилади.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати