Қўмондон ҳарбийлик касбига меҳр қўйган хоразмлик ёшлар билан суҳбатлашди

Хоразм вилоятининг Хазорасп туманидаги 1-сон ихтисослашган мактаб-интернатида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагида бўлган ёшлар ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлиб, уйга қайтган йигитлар иштирокида “Қўмондон ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда Урганч ҳарбий прокурори Темур Хамзаев, Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи подполковник Рустам Жумаев ҳамда туман ҳокимлиги вакиллари иштирок этди.

Самимий кайфиятда ўтган тадбирда қўмондон ҳарбий хизмат нуфузи, сўнгги йилларда Қуролли Кучларимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларининг халқаро танлов ва мусобақаларда қўлга киритаётган ютуқлари, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанини ўқитиш тизимидаги юксалишларни сўзлаб берди.

“Ҳар бир ёш маррани баланд олиши керак. Бу учун ҳар бирингизда орзу-ҳавас жўшқинланиб, уйда “юлдузингиз” ёниб турсагина мақсадингизга эриша оласиз. Қайси касбни танлаган бўлсангиз, ҳеч қачон ортга чекинманг. Ўқинг, изланинг ва шу касбнинг моҳир устаси бўлишга ҳаракат қилинг. Касбингизни севсангизгина ишингизда унум, барака бўлади. Асосийси ҳеч нарсадан қўрқманг, сизларнинг ҳеч кимдан кам жойингиз йўқ!” – дея катта ҳаёт сари одимлаётган йигиту қизларга қўмондон насиҳат берди.

Таъкидлаш жоизки, охирги бир йил давомида туман ёшлари ўртасида ҳарбий соҳага, ҳарбий хизматга бўлган муносабат ўсиб келмоқда. Жумладан, Хазорасп тумани мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи подполковник Абдурасул Жалилов берган маълумотларга кўра, 2020 йилда тумандан 87 нафар йигит муддатли ҳарбий хизматга чақирилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 106 нафарга етган. Шунингдек, бу йил келажакда офицер бўлиш истагини билдираётган ёшларнинг ҳам сони ортганини кўриш мумкин. 2020 йилда Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришга 31 нафар номзод таклиф билдирган бўлса, жорий йилда ҳарбий билим юртига ўқишга кириш учун ҳужжат тўплаган 89 нафар ўғил болалардан хозирда 54 нафари дастлабки саралашдан ўтиб, кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритган.

Туманда мавжуд бўлган 53 та мактаб ва битта коллеждан 48 тасида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитилади. Ушбу фанга бўлаётган эътибор туфайли бугун мактабларда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик ёшларни фақатгина армия ҳаётига тайёрлаш эмас, балки уларда ватанпарварлик тарбиясини юксалишига ҳам хизмат қилиб келмоқда.

Учрашув давомида ҳарбийлик касбига бўлган қизиқишини ўғил-қизларнинг берган саволларидан англаш мумкин эди.

Ҳарбий хизматчиларга белгиланган имтиёзлар, олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришда қайси имтиёзлардан фойдаланиш мумкинлиги ва соҳага оид бошқа саволларга ёшлар шахсан қўмондондан батафсил жавоб олишди.

Тадбирда фаол иштирок этган ёшлар фахрий ёрлиқ ҳамда совғалар билан тақдирланди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати