Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисм 28 ёшга тўлди

28 йиллик шонли тарихга эга бўлган Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг Нукус гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмлардан бири ташкил топган кунини нишонлади.

Мудофаа вазирининг 1993 йил 30 май кунидаги директивасига асосан ташкил этилган ҳарбий қисмга 1995 йил 16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Жанговар байроғи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан фахрий ёрлиқ шон-шараф рамзи сифатида тантанали равишда топширилган эди.

 

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида 2018 йилда ҳарбий қисм капитал таъмирдан чиқиб, замонавий қиёфага эга бўлди. Энг олис гарнизонда жойлашганига қарамай, ҳар қандай вазиятга юқори жанговар шайлик, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотларидаги ютуқлари билан миллий армиямизда ўз нуфузига эга бўлган ушбу ҳарбий қисм 28 йил давомида етук офицер ва сержантларни тарбиялайдиган масканган айланган.

Дарҳақиқат, ҳозирги кунда мазкур ҳарбий қисмда 20 дан ортиқ давлат мукофоти ва мудофаа вазирининг кўкрак нишонларига эга бўлган юрт ҳимоячилари, Қуролли Кучлар хизматчилари садоқат ва фидойилик намунасини кўрсатиб келмоқда. “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби катта сержант Аманбай Ердашев, “Жасорат” медали соҳиби кичик сержант Жаслан Абдраманов ва бир қанча ҳарбийлар бугун хизматдошлари ҳамда халқимизнинг фахру-ифтихори бўлмоқда.

2018 йил ҳарбий қисм тарихида ўчмас из қолдирди. Капитал таъмирдан чиққан ҳарбий қисмда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюриб, ҳарбийлар билан яқиндан мулоқот қилди. Давлатимиз раҳбари томонидан шахсий таркибга билдирилган юксак ишонч ва эҳтиром Ватан ҳимоячиларининг руҳини янада кўтариб, ҳарбий округ ҳамда Мудофаа вазирлиги нуфузини юксалтириш йўлида муносиб ҳисса қўшишга, юртимизнинг Шимоли-ғарбий сарҳадларини мустаҳкам ҳимоя қилишга жанговар руҳ бағишлади.

 

Ўтган йиллар давомида Халқаро армия ўйинлари, нуфузли спорт мусобақаларида иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритган ҳарбий қисм вакиллари сўнгги икки йил давомида Мудофаа вазирлиги миқёсида ўтказилаётган “Намунали ҳарбий оила” кўрик-танловида фахрли 1-ўринларни эгаллаб келмоқда.

Мамлакатимизда пандемия сабаб жорий этилган карантин даврида ҳам ҳарбий қисмнинг асосий таркиби касалликни авж олишига йўл қўймасдан, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, эҳтиёжманд юртдошларимизнинг юмушини осон қилишда мардлик ва жасорати билан халқимиз ва армиямиз бир тану-бир жон эканини намойиш этиб, туну-кун хизматда бўлишди.

Муддатли ҳарбий хизматчилар билан олиб борилаётган жанговар ҳамда маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотлари туфайли ўтказиладиган турли танлов ва мусобақаларда ҳарбий қисм нуфузини юксалтиришга аскарлар ҳам муносиб ҳисса қўшиб келяпти. Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб ўтказиладиган тантанали тадбирларда қўл жанги элементлари ва фахрий қоровул взводининг кўргазмали чиқишлари минглаб ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва улар ўртасида ҳарбий хизмат нуфузини оширишга хизмат қилмоқда. Шу боис, армия сафларида хизмат қилишга интилаётган қорақалпоғистонлик ёшларнинг сони йилдан-йилга ортиб, ҳаётини ҳарбий соҳа билан чамбарчас боғлаш истагини билдираётганлар кўпаймоқда.

Ҳарбий қисм ташкил топган кун муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда иштирок этган Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов барча ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучлар ишчи-хизматчиларни ҳамда фахрий устозларни мазкур тарихий сана билан самимий қутлар экан, келгуси хизматларида улкан зафарлар қўлга киритилишига тилак билдирди. Намунали интизоми блиан сафдошларига ўрнак бўлган ва хизматига сидқидилдан ёндашган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ҳарбий округ ва ҳарбий қисм қўмондонликларининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга навбатдаги ҳарбий унвонлар топширилди.

Байрам муносабати билан ташкил этилган концерт дастурида Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри жамоаси ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Санъат факультетининг талабалари ажойиб куй ва қўшиқлар билан иштирокчиларга хуш кайфият улашган бўлса, Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими рассомлари томонидан намойиш этилган маҳорат дарслари давомида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг фарзандларига портрет жанрида расм чизишнинг сир-синоатлари намоён этилди. Ҳарбийларнинг фарзандлари учун ташкил этилган  қизиқарли ютуқли ўйинлар ҳам жажжи болакайларга бир олам қувонч бағишлади.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати