Нукус гарнизонида “Ёш математиклар” беллашувининг иқтидорли ўқувчилари тақдирланди

Жорий йил капитал таъмирдан чиққан ва муҳташам кўринишга эга бўлган Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун 17 хил турдаги тўгаракларнинг фаолияти Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг ҳамда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастурида белгиланган топшириқларнинг амалдаги исботи бўлмоқда.

;

Таъкидлаш жоизки, бу даргоҳда математика тўгарагининг ташкил этилиши математика оламини ларзага солган ва Алгебра фанининг асосчиси бўлган буюк аждодимиз, олим Ал-Хоразмийнинг муносиб издошларини тайёрлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Айни пайтда тўгаракда ҳарбийларнинг 60 га яқин фарзандлари ўқитувчи Шохруд Далиев раҳбарлигида математика илмидан сабоқ олиб келишмоқда.  Математика юнонча сўз бўлиб, “билимни ўрганиш” деган маънони англатар экан. Энг қадимги математикага оид қўлёзмалар Юнонистонда Евклид томонидан ёзиб қолдирлган. Юнонлар математика фанини олға силжишига катта ҳисса қўшган бўлсалар, юртдошимиз Ал-Хоразмий алгебра асосини яратиши оламшумул кашфиёт бўлди. Олим томонидан яратилган йирик кашфиёт асрлар мобайнида осмонўпар бинолар, бир неча чақиримлик кўприклар ва уларнинг хавфсизлигини таъминловчи муҳандислик ечимларга хизмат қилмоқда. Дунё мамлакатлари орасида математика илмига Япония давлати юқори даражада эътибор қаратган бўлиб, ҳаттоки кичик боғча ёшидаги болалар ҳам математик амалларни тез ва осон усулда еча олиши билан ажралиб туради.

 

Юртимизда олиб борилаётган кенг ислоҳотлар замирида ёш авлод таълим-тарбиясига қаратилаётган эътиборнинг самарали натижаси ўлароқ, бугун ўзбекистонлик ёшлар халқаро математика фан олимпиадаларида юқори кўрсаткичларга эришаётгани фанга бўлган эътибордан далолат.

Ҳозирда математика тўгарагида катта ва кичик ёшдаги болаларга мўлжалланган 3 та гуруҳларда машғулотлар олиб борилади. Тўгаракдаги билимлар ҳафтанинг якшанба кунларида тест синовлари орқали текширилиб, натижалар ижтимоий тармоқлар орқали ота-оналарга юборилади. Ҳафталик синовлар натижасида болалар ўртасида соғлом рақобат муҳити шаклланиб, фанга бўлган қизиқиш янада ортиб бормоқда.

Бир неча ой давомида Маънавият ва маърифат марказида фаолият юритаётган ушбу фан тўгарагининг ўқувчилари ўртасида “Ёш математик” беллашуви ўтказилди. Мусобақа якуни бўйича мисол ва масалаларни тезкорлик ва аниқлик билан бажарган бир гуруҳ болаларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тест синовларидан мувафаққиятли ўтган болаларга ҳарбий округ қўмондонлиги номидан диплом ва фахрий ёрлиқлар тантанали топширилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати