Ҳарбий округ қўмондони Қўнғиротдаги таянч мактабида амалга оширилган ишлар билан танишди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони Қўнғирот туманидаги таянч мактаби фаолияти билан танишди.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар олий Бош Қўмондони раислигида шу йилнинг 12 январь куни ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида бугунги кунда глобал ахборот маконидаги қарама-қаршилик, инсон, айниқса ёш авлоднинг онги ва қалби учун курашнинг кучайиши шароитида ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясининг роли ва аҳамияти ортиб бораётганини таъкидлаб ўтган эди.

Мамлакатимиз аҳолисини ва ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида берилган топшириқларда ҳарбий округлар қўмондонликларига камида 10 тадан мактабни оталиққа олиш ҳамда ҳарбий қисм командирлари томонидан уларда ватанпарварлик ва ҳарбий шон-шараф дарсларини йўлга қўйиш вазифаси бўйича Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан амалий ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳар бир туманда биттадан мактаб танланиб, ҳарбий округга 17 та таянч мактаблари бириктирилди.

Биринчилардан бўлиб, Қўнғирот туманидаги 35-сон умумтаълим мактаби ҳарбий округ қўмондонлиги қарамоғига олинди ва шу муносабат билан таълим даргоҳида тантанали тадбир бўлиб ўтди.

 

Тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирининг ўринбосари Шарофиддин Тажимуратов, Мудофаа ишлари бошқармаси ҳамда туман бўлимлари вакиллари, таянч мактаблари сифатида танланган мактабларнинг директорлари, чақирувга қадар бошқанғич тайёргарлик фани ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилар ва ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

Тадбир давомида қўмондон ушбу мактабни эндиликда ҳарбийлар қарамоғига олганининг рамзий маъноси сифатида тантанали тарзда мактаб директорига Мудофаа вазирлигининг байроғини топширди.

Шундан кейин меҳмонлар мактабда ўқувчиларнинг сифатли таълим-тарбия олиши, маънан ва жисмонан тобланиши учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ҳамда вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси кўмаги билан мактабнинг Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик ўқув синфи талабларга мос тарзда жиҳозланиб, ўқувчиларга бошланғич ҳарбий тайёргарликдан сифатли таълим бериш учун барча қулайликларга эга бўлди. Ёшларни спортга кенг жалб этиш ҳамда юртимизда оммалашиб бораётган кўча спортини тарғиб этиш мақсдида мактаб ҳовлисида “Workout” майдончаси яратилди.

Тадбир давомида иштирокчилар билан семинар машғулоти ўтказилди. Унда ҳарбий округ қўшинлари қўмондони оҳирги йилларда миллий армиямизда олиб борилган туб ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, амалга оширилган ишлар, қўлга киритилган ютуқлар ҳақида кўргазмали мультимедиа маҳсулотлари ёрдамида сўзлаб берди. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги режалар ҳақида тўхталиб ўтди. Қорақалпоғистон Республикаси ёшларининг олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичини сезиларли даражада кўтариш ҳамда бошланғич ҳарбий таълим сифатини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар бериб ўтилди. Эндиликда таянч мактаблари сифатида танланган таълим муассасалари ҳақиқий ватанпарвар, садоқатли, юртсевар ёшларни тарбиялайдиган энг олди масканлар бўлишига ишонч билдирилди.

Нукус гарнизони ҳарбий оркестри томонидан куйланган куй ва қўшиқлар, туман маданият бўлими вакиллари томонидан намойиш этилган концерт дастури ҳамда ўқувчи-ёшларнинг кўргазмали чиқишлари барчага байрамона кайфият бағишлади.

Нукус гарнизонидаги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисм, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бўлинмалари, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига қарашли ўқув-спорт техника клуби томонидан ташкил этилган қурол-аслаҳа, спорт техникалари ва моделлаштириш тўгаракларининг кўргазмаси ёшларда ҳарбийликка, техник ва амалий спорт турларига бўлган қизиқишни янада оширди.

Мактаб ўқувчиларининг ижод намуналари меҳмонларда илиқ таассуротлар қолдирди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати