Нукус гарнизонида болаларга байрамона концерт дастури намойиш этилди

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни. Ушбу сана нишонланаётганига кўп йиллар бўлиб қолди. Болалар байрамига айланган сана тарихи ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.

Кўпчилик жаҳон мамлакатларида 67 йилдан буён 1 июнь – ёзнинг илк кунида Халқаро болалар кунини нишонлашади. Дам олиш куни бўлмаса ҳам бу кун ҳақиқий болалар байрами ҳисобланади. 1949 йилда Парижда аёлларнинг Халқаро демократик федерацияси конгресси бўлиб ўтганди. Бу конгрессда болаларнинг бирдамлиги ва бахт-саодатининг кафолати бўлган мустаҳкам тинчликни таъминлаш учун доимий кураш ҳақидаги шиор янгради. Урушдан кейинги даврда сайёрамизда яшовчи барча болажонларнинг соғлик ва хотиржамлигини сақлаш долзарб муаммога айланиб қолган эди. Шу боис 1950 йилдан эътиборан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида дунё бўйлаб кенг нишонлана бошланди.

1989 йилда БМТ Бош Ассамблеяси болалар ҳуқуқлари тўғрисида Конвенцияни қабул қилди. Унда бутун дунё мамлакатлари учун болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашни жорий қилиш тўғрисида ёзилган.

Дунёнинг кўпчилик мамлакатлари ва шаҳарларида бу байрам болалар ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилиш ҳақида мунозара ва лекциялар ўтказиш билан нишонланади. Шунингдек, болалар кунида турли-туман қувноқ ва маданий-оммавий тадбирлар, спорт мусобақалари, концертлар ўтказилиши анъана тусини олган. Шу куни оғир бемор, даволанишга муҳтож ва ногирон болалар учун ҳайрия акциялари ва тадбирлар ташкил қилинади.

Болаларни ҳимоя қилиш куни байрамининг мақсади кенг жамоатчилик диққатини муаммоли болаларга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, ҳимояланган дунёда яшаш имкониятини яратишга, бахтли болаликка эга бўлишларига ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб ўсишларига қаратишдир.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округда олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш доирасида айнан болалар ва ёшлар таълим-тарбиясига катта эътибор қаратилмоқда.

Нукус гарнизонида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб тантанали байрам томошаси ташкиллаштирилди.

Тадбир қизиқарли, таассуротларга бой, жўшқин кайфиятда ўтди. Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театри актёрлари томонидан саҳналаштирилган “Сеҳрланган шаҳзода” номли мусиқали томошаси, айниқса, болаларни янада жўшқинлантириб, даврани қувончга чўлғади. Ўзбекистон давлат филармонияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлимининг эстрада хонандалари ҳамда Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестр жамоаси томонидан ижро этилган замонавий ва миллий куй-қўшиқлар болаларни рақсга чорлаб, муҳташам марказнинг ҳаётини янаям жилвакорлигини оширди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати