Нукус гарнизонидаги боғчада Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни нишонланди

1925 йил Женевада болаларнинг фаровон ва тинч яшашларига бағишланган бутунжаҳон конференциясида 1 июнь –  Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни этиб таъсис этилган. 1950 йилдан бошлаб эса байрам сифатида нишонланиб келинади.

Нукус гарнизонидаги 2-сонли ҳарбий шаҳарча ҳудудида жойлашган 12-сонли мактабгача таълим муассасасида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган “Ўзбекистон бахтли болалар мамлакати” номли байрамона дастур ташкиллаштирилди.

Чиройли ва жимжимадор кўйлакларини кийиб олган жажжи ўғил-қизлар байрамона безатилган саҳнада шеър ва қўшиқларни жўр овозда куйлашиб, дилларга беғубор туйғуларни улашди. Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри жамоаси томонидан ижро этилган мусиқалар болаларга байрамона туҳфа бўлиб, давра мусиқа садолари остида шодон қийқириқларга тўлди. Айём мактабга тайёрлов гуруҳи тарбияланувчиларининг боғча билан хайрлашув оқшомига уланди.

Нукус тумани ҳокимлиги вакиллари ва ҳарбий қисм қўмондонлиги боғча тарбияланувчиларини байрам муносабати билан табриклаб, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғаларини топширди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати