Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида янги ўқув йили бошланди

Мудофаа вазирлиги қўшинларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган янги аскарлар келиши билан ҳар йили янги ўқув йили мавсуми бошланади. Нукус гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов қўшинларда янги 2021-2022 ўқув йилини очиб берди.

Янги ўқув йилининг очилиш маросимида ҳарбий округ қўшинлари қўмондони шахсий таркибга мурожаатини ўқиб эшиттирди.

Қўмондон яқиндагина сафларимизни тулдирган аскар йигитларимизни тезроқ армия ҳаётига мослашиб, ўз ҳарбий қисм ва бўлинмаларининг жанговар шайлик даражасини янада юксалтиришларига умид билдирди. Бугун савларимизни тўлдириб турган мард, жасур ва садоқатли аскар йигитларни тарбиялаб, вояга етказган ҳамда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида хизмат қилиш учун юборган ҳурматли ота-оналарга ўз миннатдорчилигини билдирди. Тадбирда Қуролли Кучлар фахрийлари иштирок этиб, мардлар касбининг келажак авлодига ўз насихатларини беришди. Бугунги армиядан фахр-ифтихор туйғуларини туяётганини билдиришди.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз ҳар қандай хавф-хатарга муносиб зарба бера оладиган қудратли, тезкор ва самарали кучга айланди. Жанговар тайёргарликнинг модернизация қилинган, мослашувчан тизимини жорий этилиши округ қўшинларини жанговар тайёргарлиги ва жанговар қобилиятини бир неча баробарга оширлишига хизмат қилмоқда.

Тадбир давомида ўтган 2020 йил жаҳондаги барча давлатлар қатори мамлакатимиз учун ҳам жиддий синовлар йили бўлгани, Коронавирус пандемиясининг таҳдидига, шунингдек, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида кутилмаган табиий ва техноген офатларга дуч келганимиз ёдга олинди. Ана шундай ғоят кескин шароитда Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг 300 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчилари ҳам халқимизга янада яқин бўлиб, сафарбарликни ошириб, қисқа муддатларда ўз олдига қўйилган муҳим вазифаларни муносиб адо этгани алоҳида қайд этилди.

Халқ ва армия ўртасида ишончли кўприкка айланган ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятида муайян ютуқлар кўзга ташланмоқда. Ушбу секторлар ташкил этилганидан буён “Халқ ва армия – бир тану, бир жон” деган шиор остида ҳарбий инфратузилмаларни модернизация қилиш ва тўпланиб қолган ижтимоий муаммоларни ҳал этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди ва бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Бунга ёрқин мисол сифатида Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида, “Нукус” дала-ўқув майдонида ва Хоразм вилоятидаги Сафарбарлик чақируви резерви батальони ҳарбий қисмида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишларида ҳамда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун барпо этилган уйлар мисолида кўзатишимиз мумкин.

Ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ўтган ўқув мавсумида эришилган ютуқларни эътироф этиб, қўшинларни янги марраларни забт этишга руҳлантирди. Ҳар бир ҳарбий бўлинма бошқа бўлинма билан рақобатбардош, соғлом муҳитда мусобақалашиши кераклигини таъкидлади. Шунингдек, ҳарбий округ қўшинларига қўйилаётган талаблардан келиб чиқиб, асосий вазифаларни белгилаб берди ва ушбу вазифаларни сифатли бажарилиши учун ҳарбий хизматчиларга катта ишонч билдирди.

Тантанали маросимдан кейин бўлинмаларда ўқув йилининг илк машғулотлари ташкил этилди. Унда дунё ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият, ҳарбий интизом ва ҳарбий хизматчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар билан муомалада бўлганда хавфсизлик талабларига риоя этиш борасида маърузалар тингланди.

Янги келган муддатли ҳарбий хизматчилар билан машғулотлар ва бошқа тадбирларни юқори савияда ташкил этиш бўйича мутахассислар томонидан тавсиялар берилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати