Нукус гарнизонида ёшлар яна бир ҳарбийча беллашувда иштирок этди

Ўсиб келаётган ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда маънан ва жисмонан баркамол бўлиб вояга етишини таъминлаш мақсадида Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида қорақалпоғистонлик ўқувчи ёшлари ўртасида “Темурбеклар” ҳарбий-спорт мусобақаси бўлиб ўтди.

Мусобақада Нукус шаҳри ва Хўжайли туманидан келган 7 та мактабнинг 7-8 синф ўқувчилари ўзаро беллашди.

Шиддатли ва муросасиз баҳсларга бой ўтган беллашувда ёшлар тўсиқли йўлакдан ўтиш, пневматик милтиқдан нишонга қарата ўқ отиш, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояловчи умумқўшин ҳимоя комплектини кийиш ҳамда “Темур тузуклари билимдони”  каби шартларда билим ва куч синашди.

Жамоавий жипслик ва ҳамжиҳатликка асосланган мусобақанинг ҳар бир шарти ёшлардаги ғалабага бўлган шижоатини акс этиб борди. Кучли рақобат ва шиддатли баҳслар иштирокчилар ўртасида ғолибларни аниқлашга қийинчилик яратди.

Якуний натижаларга кўра ғолиб ва совриндорлар ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан муносиб тақдирланди.

 

Қурол-аслаҳа намуналарининг намойиши ёшларда ҳарбийликка бўлган қизиқишни янада оширди.

Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида яқинда очилган ҳарбий округ тарихи музейига саёҳат ёшларнинг қалбини таассуротларга тўлдирди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати