Нукус гарнизонидаги ҳарбий аёллар баҳси ҳақиқий пазандаларни намоён этди

Қуролли Кучлар сафида хизмат қилаётган ҳарбий либосдаги мунис ва мўътабар аёлларга ҳавас кўзи билан қарашади. Нозик қўлларига қурол ушлаб, Ватан сарҳадларини ҳимоя қилишга онт ичган ҳарбий аёллар бугун армия сафларида турли лавозимларда хизмат бурчини ўтаб келишмоқда.

Спортчи, алоқачи, шифокор, ҳамшира ва давом эттириш мумкин бўлган жуда кўп мутахассисликлар устаси бўлган ҳарбий аёлларнинг оилада бекалик вазифасини қандай бажариши эса кўпчиликни қизиқтириши табиий.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда ҳарбий хизматни ўтаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчи аёллар ўртасида “Энг пазанда ҳарбий аёл” кўрик-танлови ҳарбий аёлларнинг бекалик маҳоратини намоён этишга хизмат қилди.

Очиқ ҳавода ташкиллаштирилган танловда беш нафар ҳарбий аёллар “Саломлашув”, “Миллий таомлар бекаси” ҳамда “Пазандалик маҳорати” шартларида ўзаро беллашди.

Биринчи шартда аёллар миллийликни тараннум этган ҳолда чиқишлар қилишди. Қорақалпоқ халқининг достонларида Гулайим, Тўмарис каби образлар доим қўрқмас, мард ва жасур аёллар тимсолида гавдалантирилади. Кичик сержант Динара Абибуллаева тарихий образда микрофон қаршисида чанқовуз чаларкан, томошабинларда халқ эпосларининг издоши сифатида таассурот қолдирди.

Асли андижонлик Нигора Тошматова мана ўн йилдирки Шимоли-ғарбий ҳарбий округида хизмат қилиб келади. “Саломлашув” шартида у ўзини таништирар экан, “Шум бола” фильмидаги Қоравой ижросидаги “Дарё – тошқин, сувлар – тўлқин” қўшиғини ҳиргойи қилиб, гулдурос қарсакларга сазовор бўлди.

Хизмати мобайнида ҳарбийча тартиб-интизомга мослашган аёллар пазандалик маҳоратини намойиш этиш палласида бекалар сингари самимий, эпчил ва чаққон, бир сўз билан айтганда, оиланинг моҳир ошпазлари эканини исботлашди. Қорақалпоқларнинг миллий таомлари бўлган жугари гуртик ва бешбармоқ, ўзбек ошхонасининг мазали қозон кабоби ва палови каби таомлар иккинчи шартни безаги бўлган бўлса, мазали ва чиройли кўринишга эга салатлар “Пазандалик маҳорати” шартида бекалар томонидан ҳайъат аъзоларига тортиқ этилди.

 

Танловни баҳолашга келганда, ҳарбий аёлларнинг маҳорати “5” баҳога лойиқ деб топилди. Лекин танловда, албатта ғолиб аниқланиши керак.

“Энг пазанда ҳарбий аёл” кўрик-танловининг ғолиблик шоҳсупаси иштирокчиларнинг энг ёши каттаси ва тажрибали бекаси Ҳаво ҳуджумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисм вакили Нигора Тошматовага насиб қилди. Ғолиб ва совриндорлар округ қўмондонлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбир давомида Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази хонандалари томонидан қўшиқлар гулдастаси тақдим этилиб, даврага ҳушкайфият улашди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати