Қорақалпоғистонлик ёшлар мудофаа вазири кубоги баҳсларининг финалида иштирок этиш учун жўнаб кетди

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ташаббуси билан мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11 синф ўқувчилари ўртасида жорий йилдан анъанавий ўтказилиши йўлга қўйилган мудофаа вазирининг кубоги учун “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақаси қисқа вақт ичида мамлакат ёшлари орасида оммалашиб, катта қизиқиш уйғотмоқда.

Уч босқичда ўтказилиши белгиланган мусобақанинг икки босқичида ғалаба қозонган 14 та жамоа яқин кунларда беллашувнинг бош соврини – мудофаа вазири кубоги учун ўзаро куч синашади.

Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлар негизида ўтказилган мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 17 та шаҳар ва туманлардан энг сара жамоалар ўртасида ғолибликни қўлга киритган Кегейли туманидаги 41-сон мактаб ўқувчилари Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг кўрсатмасига асосан ҳарбий қисмлардан бирида 10 кунлик тайёрлов босқичларидан муваффақиятли ўтди.

Ҳарбийча мусобақага ҳарбийча ҳаёт тарзига мослашиб, маҳоратли офицер ва сержантлар кўмагида ҳозирлик кўрган йигит-қизлар ҳарбий округ қўмондонлиги, туман ҳокимлиги ҳамда халқ таълими бўлими томонидан тантанали, дала ва спорт уст-бош кийимлари, этик ва бошқа оёқ кийимлари билан таъминланди.

 

Тошкент ҳарбий округиниг дала-ўқув майдонида ўтказиладиган мусобақанинг финал боқичига кетишидан олдин ҳарбий округ томонидан ёшларга бир кунлик калорияларга бой бўлган озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат паёк берилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов мусобақанинг республика босқичига йўл олаётган ёшларга руҳий мадад бериб, Қорақалпоғистон Республикаси жамоасига улкан зафарлар ёр бўлишини тилади. Мудофаа вазири кубоги, албатта Қорақалпоғистонга олиб келишларига юксак ишонч билдирди.

 

Мазкур беллашув ўқувчи-ёшларни ҳарбий-амалий спорт мусобақаларига кенг жалб этиш орқали уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ўзаро маданий-спорт алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда ёшларни спорт ўйинларига оммавий тарзда жалб этиш, соғлом турмуш тарзини одат қилишга ўргатиш, руҳан ва жисмонан соғлом, баркамол авлодни тарбиялашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

 

Қисқа вақт давомида ҳарбий округда тайёргарликдан ўтган ёшлар ТОЗ-8 милтиғидан мерганлик маҳоратини ошириб, ҳарбийлашган эстафета, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, саф қўшиқларини айтиш ҳамда “Темур тузуклари”дан билим ва кўникмаларини анчагина оширишга улгурди.

Кеча, 27 апрель куни ёшлар Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи ҳамда масъул офицер бошчилигида Нукус темир йўл вокзали орқали Тошкент шаҳрига жўнаб кетди.

Ишончимиз комил, Қорақалпоғистон Республикаси шаънини республика миқёсида ҳимоя қилишга йўл олган шижоатли йигит-қизлар мусобақада, албатта, илғорлигини намойиш этиб, ғалаба билан қайтиб келишади.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати