Қўнғиротлик бир асрга тенглашган Кудайберген ота меҳмонларга уруш йилларида кўрган-кечирганларини сўзлаб берди

Иккинчи жаҳон уруши бутун инсониятга қайғу ва мусибатлар келтириши билан қалбларда оғир ва ўчмас из қолдирди. Миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган ўша даҳшатли урушда юртдошларимиз ҳам тинчлик ва ёрқин келажак учун мардонавор кураш олиб борди, жанг майдонларида мардларча қурбон бўлди, яраланди, майиб-мажруҳ бўлиб қайтди. Уларнинг қаҳрамонлиги доим ёдимизда, мангу ва абадий яшайди.

Бугун юзинчи баҳорини қарши олиб, эл ардоғида бўлган қўнғиротлик Кудайберген ота Кожаметов 1942 йилнинг июнь ойида минглаб юртдошларимиз қатори фронтга жўнаб кетди. 42-гвардия ўқчилар полки таркибида ўша йилнинг декабрь ойида фашистларга қарши курашишда оғир жароҳат олган Кудайберген ота бошқа фронтга қайта олмайди.

Биринчи гуруҳ ногирони  Кудайберген ота шу йил юз ёшни қарши олиб, бугунги кунларга етказганига, юртимиздаги тинчлик ва осойишталикка шукроналар келтиришдан толмайди.

Ҳарбийларнинг келишига уруш қатнашчиси ўзгача бир тадбир сифатида қарайди. Уйдагиларга кўксини орден ва медаллар тўлдириб турган костюмини хозирлаб қўйишни, уйларни саранжом-саришталигига эътибор қаратишни, ҳовлида тартиб бўлишини уқтиради. Отанинг назарида ҳарбийлар тартиб-интизомга ўрганиб қолгани боис, уларни ўзгача тарзда қарши олиш керак.

Ёшларнинг келиши ҳам отага хушкайфият бағишлайди. Уларга қараб Кудайберген ота ёшлигини эсга олади, бекорга жанговар дўстлари билан урушда ёрқин келажак учун курашмаганига, юртимиз келажаги ишончли қўлларда эканига яна бир бор амин бўлади.

Қаҳрамонимиз Иккичи жаҳон уруши фронтида кўп вақт бўлмаган бўлса-да, у ерда кўрган дахшатларидан бир умрга сабоқ олиб, тинчликнинг нақадар қадрли, лаззатли эканлигини янада теранроқ англай бошлади.

Меҳмонлар ташрифидан кўнгли тоғдек кўтарилган отахон ўша оғир даврларни ёдга олади. Урушда кўрган-кечирганларини ёш авлод вакилларига сўзлаб беради. Бугунги кунимизга, юртимизда кечаётган осойишталикка шукур қилиб яшашга даъват этади.

Мазмунли суҳбатлар бадиий кечаларга айланади. Ёшлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, ўқиб берилган шеърий мисралар отанинг бахру дилига ором бағишлаб, қалбини ажиб бир туйғуларга тўлдиради.

Бу сафарги учрашув ҳам ана шундай илиқ таассуротлар билан кечди. Меҳмонлар бугунги дориломон кунлар, тинчлик ва осойишталигимиз учун Кудайберген отага миннатдорлигини изҳор қилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати