Аскарлар қуролланди: Нукусда муддатли ҳарбий хизматчиларга жанговар қурол ва ҳарбий техника топширилди

Шу кунларда Ватанга қасамёд қабул қилган йигитларга яна бир масъулият – жанговар техника ва қурол-аслаҳаларни мудом жанговар шай ва соз ҳолатда сақлаш, улардан оқилона ва мўлжалланиши бўйича фойдаланиш юклатилди.

Таъкидлаш жоизки, ҳарбийча анъанага кўра қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар армияда ҳар бир ҳарбий хизматчига тантанали тарзда бириктирилиб, унинг сақланиши, соз ва шай ҳолатининг таъминланиши учун жавобгарлик юрт ҳимоячиларига юклатилади.

Турли калибрли ўқотар қуроллар, гранатомёт ва миномётлар, ҳарбий техника ва аслаҳалар эндиликда армиямиз сафларига қўшилган йигитларнинг ишончли қўлларида бўлиб, юрт тинчлиги учун хизмат қилишда давом этади.

Шунингдек, маросим давомида янги ўқув йилининг илк машғулотлари бошланишидан олдин муддатли ҳарбий хизматчилар билан кундалик хизмат фаолиятни амалга оширишда хавфсизлик қоидаларини ўрганиш бўйича йўриқномалар берилди. Суткалик ва жанговар наряд хизматларини ўташ учун тушадиган ҳарбий хизматчиларнинг мажбурияти, наряд хизматларини олиб боришда ўзига хос жиҳатлари ҳамда жанговар шайликни юксалтириш нима учун кераклиги бўйича тушунтиришлар берилди.

Кўргазмали воситалар билан ўтилган ўқув машғулотлари доирасида ҳарбий хизматчилар техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмаганда қандай ноҳуш оқибатлар келиб чиқиши мумкинлиги намойиш этилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати