Нукус шаҳрида миллий ғуруримиз рамзи улуғланди

Бугун, 18 ноябрь куни Нукус шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 29 йиллик байрамини кенг нишонлашди.

Шаҳар марказида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистоннинг 55 метр баландликда осилган қўшбайроқлари олдидаги майдонда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар ҳамда ёшлар иштирокида тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Умида Абдуазимова халқимизда миллий ифтиҳор, ғурур каби олижаноб туйғуларнинг жўш уришида давлатимиз рамзларининг беқиёс ўрнини эътироф этишди.

Шундан сўнг, қорақалпоқ санъаткорлари ҳамда Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказининг ҳарбий оркестри жамоаси иштирокида концерт дастури намойиш этилди. Муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан қурол билан саф элементларидан иборат мураккаб ва жозибадор машқлар кўрсатиб берилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати