Нукус гарнизонида ҳарбийларга туркман маданияти ва санъати намойиш этилди

Халқаро бағрикенглик куни байрамига бағишлаб Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларидан бирида Қорақалпоғистон Республикасидаги Туркман миллий маданий маркази ҳамкорлигида “Миллатлараро тотувлик ва дўстлик – тараққиёт омили” мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирда Туркман маданий маркази аъзолари, Тахиятош тумани 10-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этиб, ҳарбий хизматчиларни туркман миллий маданияти ва санъати билан яқиндан таништирди.

БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига мувофиқ 1997 йилдан буён бутун дунёда ҳар йили 16 ноябрь – “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонланиб келинади. Юртимизда ҳам ушбу сана муносабати билан “Бағрикенглик ҳафталиги” бўлиб ўтди. Албатта, бу каби тадбирларнинг мақсади республикамизда яшаб турган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантиришга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга қаратилган.

“Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда 189 мингга яқин туркманлар истиқомат қилади”, – дейди Туркман маданий маркази аъзоси Ширин Язова. – “Бугун ҳарбий қисмда бўлиб ўтган файзли тадбир биз туркманларни жуда хушнуд қилди. Ҳарбийларнинг эътибори ва эҳтиромидан бошимиз кўкка етди. Бир республикада яшаб, аҳил ва иноқликда ҳаёт кечираётганимиз катта бахт. Илоҳим, доим тинчлик ва осойишталик замонида яшайверайлик.

Самимий ва дўстона руҳда кечган тадбир давомида аскарлар туркманларнинг эпос, афсона ва халқ достонларидан парчалар тинглашди. Маҳтумқулидек буюк туркман шоири ҳақида маълумотларга эга бўлиб, лобар туркман қизларининг ажойиб миллий ўйинлари ва рақсларидан баҳраманд бўлди.

Сулолавий ҳунармандчилик билан шуғулланиб келаётган Эжемоқ Хўжашеванинг қўл гиламдўзлик ҳунари аскарларда бир олам таассурот қолдирди. Айниқса, хотин-қизларнинг миллий либосларидаги ранг баранглик, заргарлик буюмлари туркман халқининг ўзига хос ва бетакрор амалий санъатини намоён этди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати