Ҳарбийлар оилаларида бюджет маблағларини тақсимлаш бўйича давра суҳбати ўтказилди

Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида ёш оила қурган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари билан “Оилада бюджетни тақсимлашда аёлнинг роли” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Нукус ҳарбий прокуратураси, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши Қорақалпоғистон Республикаси минтақавий бўлинмаси, “Муҳаммад Ал-Беруний” номидаги ўрта махсус Ислом билим юрти вакиллари иштирок этди.

Унда оила, оилада эр ва хотин муносабатлари, фарзандлар тарбиясида оилавий муҳитнинг таъсири каби мавзуларда маърузалар тингланиб, оила даромади фаровон турмуш асоси эканлигига алоҳида урғу берилди. Дарҳақиқат, оилавий бюджетни таъминлашда эркак муҳим роль ўйнаса, аёлнинг асосий вазифаси бюджетни тўғри тақсимлаш ва унинг мақсадли сарф-харажатни назорат қилишдан иборат бўлади.

“Оила қонуний ва шаърий никоҳ асосида қуриладиган қўрғон бўлиб, эр ва хотин муносабатлари оиланинг мустаҳкамлилигини таъминловчи муҳим пойдевордир”, – дейди Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳарбий хизматчиларнинг оилалари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассис Қуролли Кучлар хизматчиси Гулбаҳар Хабибуллаева. – “Шу сабабдан ҳам оила қураётган ёшларга панду-насиҳатлар берилиб, оилавий тўкисликка сабр карвони билан етишиш мумкинлиги уқтириб борилмоқда”.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати