Қўшин разведкачилари «Нукус» полигонида махсус ўқувларда иштирок этди

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшин разведкаси бўлинмалари “Нукус” дала ўқув майдонида тактик-махсус ўқувида иштирок этди.

Бўлинмаларнинг юксак жанговар шайлигини таъминлаш, ҳар қандай вазият ва шароитда жанговар вазифани бажаришга ўргатиш, уларнинг ҳаракатчанлигини ушлаб туриш ва такомиллаштиришга қаратилган бу каби ўқувлар ҳарбий хизматчиларнинг касбий малакасини юксалтириб, амалий кўникмаларини мустаҳкамлаб келмоқда.

Ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан бўлинмаларнинг амалий машғулотга тайёргарлик даражаси ҳамда ўқув-моддий базаларнинг бутлиги саф кўриги орқали текширилди.

 

Эрта тонгда берилган шартли сигналга асосан юқори жанговар шайликка келтирилган бўлинмалар тез орада белгиланган майдонда саф тортиб, полигонга чиқиш учун ҳозирланди. Шундан кейин ҳарбий техникалардан тартиб билан жой олган ҳарбий хизматчилар колонна бўлиб сафарга йўл олди.

Полигон ҳудудига етиб келган бўлинмалар жойда жойлашув, қўриқлов, таъминотни ташкиллаштириш, олинган ўқув-жанговар топшириққа асосан вазиятни баҳолаш ҳамда шартли душманнинг куч ва воситаларига аниқлик киритишга киришди.

Белгиланган ҳудудда ҳарбий хизматчиларнинг жойлашиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ниқобланиш талабларига амал қилиниши ва махфийликни таъминлаш ҳамда разведка махсус техник воситаларидан фойдаланиш бўйича эгалланган кўникмаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Бир неча кун давом этган ўқув йиғинида бўлинмалар пистирма, қўршов, шартли душман жойлашган ҳудуд томон узоқ масофага пиёда марш амалга ошириш ва уни зарарсизлантириш бўйича тактик-ўқув операцияларни бажарди. Машғулотлар кундузи ва тунгги вақтда чўл шароитида олиб борилди. Пиёда марш юришда шартли душман томонидан кимёвий моддалар қўлланилган майдондан ҳимоя воситаларини кийган ҳолда ўтиш меъёрлари ҳам бажарилди.

Машғулотлар давомида шахсий таркибнинг назарий билими, амалий кўникмалари, жисмоний ва руҳий ҳолати синовдан ўтказилди. Бўлинма командирларининг ностандарт вазиятларда тезкор қарор қабул қилиш қобилияти, куч ва воситалардан унумли фойдаланиши ҳамда бўлинмаларнинг ўзаро ҳамкорлик ва жипсликда ҳаракатланиш кўникмаси назоратдан ўтказилди.

    Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати