Нукуслик ёшлар ҳарбий акаларининг кўргазмали машғулотини завқ билан кузатди

Ўсиб келаётган ёш авлод эгаларини ватанпарварлик, юртга садоқат, ҳалоллик, инсонпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни шарафли касб эгаларининг кундалик турмуши билан таништириш мақсадида Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида ўқувчи ёшлар учун “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир давомида ёшлар учун ҳарбий қисм ҳудудидаги кичик дала-ўқув майдонидаги мураккаб элементлардан иборат бўлган разведкачиларнинг тўсиқли йўлагида жанговар бўлинманинг тактик ҳаракатлари намойиш этилди.

Турли мураккабликдаги устунлар, девор, иншоот ва бошқа тўсиқлардан иборат йўлакда қатъият билан ҳаракатланган ҳарбий акаларнинг кўргазмали машқи кузатувчи сифатида иштирок этаётган йигиту қизнинг диққатини бирдек тортди.

Тадбир доирасида армияда ўтказилаётган чавандозлик тайёргарлиги машғулотида иштирок этган ёшлар отларга ҳаваси ортиб, ўзларини чавандоз сифатида синаб кўришди.

Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлик бўйича ўтказилган машғулотларида иштиёқ билан қатнашган ўқувчиларнинг шу куни таассуротлари бир олам бўлди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати