Қўмондон Нукусда ҳарбий тиббиёт соҳа ходимларини табриклади

Машҳур юнон табиби Гиппократнинг “Табобат барча илму санъатлар ичида энг буюк илм ва санъатдир” деган сўзлари тиббиёт соҳасига берилган энг тўғри баҳодир.

Мамлакат аҳолисининг саломатлигини сақлаш – ҳар бир давлат ва жамият учун энг долзарб вазифалардан бири саналади. Шундай экан тиббиёт соҳаси ходимларининг ҳам жамиятдаги ўрни юксалаверади, йиллар ўтса-да, бу соҳага талаб камаймайди.

 

Юртимиз бўйлаб кенг нишонланиб келинаётган “Тиббиёт ходимлари куни” бу йил ўзгача шукуҳда, ўзгача тарзда ўтказилишининг гувоҳи бўляпмиз. Албатта, бундай эътиборнинг боиси, 2020 йилда бутун инсоният оламида катта бурилиш ясаган Коронавирус пандемияси даврида тиббиёт ходимларининг обрўсини яна юксалтириб, бу касбнинг нечоғлик масъулиятли эканини ҳаммага кўрсатганидадир.

 

Соҳа ходимларининг касб байрами муносабати билан Шимоли-ғарбий ҳарбий округда ўтказилган байрам тадбирида ҳарбий тиббиёт ривожига ҳисса қўшиб келаётган “саломатлик элчиларининг” хизматлари эътироф этилиб, ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг саломатлигини сақлаш йўлидаги машаққатли меҳнати шарафланди.

 

Тадбирда округ қўшинлари қўмондони томонидан эътироф этилганидек, пандемия шароитида жорий этилган карантин даврида ҳарбий округ тиббиёт ходимлари бошқа куч тузилмалари вакиллари билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 220 минг гектардан ортиқ ҳудудда профилактик дезинфекция ишларини олиб боришган. Шу йилнинг ўзида 100 нафардан ортиқ Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва Қуролли Кучлар фахрийларига тизимли равишда манзилли патронаж тиббий ёрдам кўрсатилган. Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг ҳарбий тиббиёт соҳа вакилларидан уч нафари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Меҳр-саҳоват” кўкрак нишони билан мукофотлангани, албатта бу касб эгаларининг салмоқли меҳнатидан далолат.

Сўзга чиққанлар машаққатли касб эгаларини байрам билан самимий муборакбод этиб, ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг соғлигини сақлаш, тиббий хизмат кўрсатишда букилмас ирода ва матонат тилашди.

Байрам муносабати билан бир гуруҳ ҳарбий тиббиёт соҳа вакиллари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан юксак мукофотлар, қимматбаҳо эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказининг ҳарбий оркестри жамоаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг хушовоз хонандалари томонидан ижро этилган куй ва наволар дилларни хушнудлик билан тўлдирди.

Сана муносабати билан ҳарбий тиббиёт ходимлари шарафига байрамона дастурхон ёзилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати