ФОТОРЕПОРТАЖ: Нукуслик ёшлар бир кунини армияда ўтказди

Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирига келган ўспирин ёшидаги ўқувчилар ҳарбийча ҳаёт ва машғулотлардан катта таассуротлар билан уйларига қайтишди.

Шаҳарнинг бир нечта таълим муассасаси ўқувчилари ҳамда ҳаётида бир оз тўғри йилдан адашиб, бундан пушаймон бўлган йигитлар учун ҳарбий қисм бўйлаб экскурсия ташкил этилиб, кўргазмали машғулотлар ўтказилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг Қорақалпоғистон ҳудудий бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир ёшларни ватанпарварлик, юртга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилди.

Ҳарбий акалари билан мазмунли кечган саёҳат ҳарбий оркестр томонидан ижро этилган ватанпарварлик руҳидаги наволар билан бошланди. Ҳарбий қисм командирининг ўринбосари подполковник Умид Маҳмудов қисм кутубхонасида шарафли ва масъулиятли касблардан бири бўлган “ҳарбийлик” ҳақида ёшларга мазмунли маъруза ўқиди. Мамлакатимиз Қуролли Кучларида хизмат қилишга ошиққан ёшларнинг кўплаб саволлари билан ўтган учрашув сермазмун бўлди.

Ҳарбий қисм бўйлаб ўтказилган экскурсия давомида ёшлар аскарлар учун яратилган шарт-шароитлар, ўқув-моддий база ва қулайликлар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.

Саф майдонида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган йигитларнинг қурол билан намойиш этган кўргазмали саф элементлари ёшларда олам таассурот қолдирди.

Кичик дала-ўқув майдонида ўқотар қуролларнинг тактик-техник таснифи ва тузилиши бўйича ўтказилган машғулот ёшларда ўзгача бир қизиқиш уйғотди.

Аскарлар ҳарбий қисмга келган меҳмонларга чавандозлик тайёргарлигидан маҳорат дарсини ўтиб, уларни ҳайратлантирди.

Тадбир якунида фаол ёшлар ташкилотчилар томонидан китоб тўпламлари билан тақдирланди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати