Урганч гарнизонида “Умринг боқий бўлсин, Она тилим!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди

Тил ҳар бир миллатнинг энг қадрли бойлиги, унинг маънавий қиёфаси, маданияти, ички дунёсини акс эттирувчи муҳим восита саналади. Тилнинг давомийлигини, умрбоқийлигини унда сўзловчиларнинг миллий ғурури, куч-қудрати, адабиёти ва санъати белгилашига, албатта шубҳа йўқ.

Урганч гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида Ўзбек тили байрамига бағишлаб ўтказилган “Умринг боқий бўлсин, Она тилим!” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир давомида миллатимиз мустамлака даврида қандай кун кўрган бўлса, бу унинг тилида акс этгани таъкидланди. Тилимизни асраш, уни улуғлаш, у миллатимиз кўрки эканини келажак авлодга етказиш ҳар биримизнинг муқаддас вазифамиз экани айтилди.

Тадбирда Урганч шаҳар ҳокими ўринбосари Сайёра Самандарова, Хоразм вилояти театри жамоаси, Урганч давлат университети филология фани профессор-ўқитувчилари, вилояти маданият ходимлари ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этди.

Шундан сўнг театр актёрлари томонидан боқий ўзбек тилининг дурдона асарлари асосида саҳналаштирилган спектакль намойиш этилиб, ўзбек мумтоз адабиёти ва адабий тилининг асосчиси бўлмиш Мир Алишер Навоий каби улуғ боболаримиз сиймоси моҳирона гавдалантирилди, ўзбек адабий дунёсининг нақадар бой эканлиги намойиш этилди.

Ўқувчи ёшлар томонидан ўзбек тилида айтилган шеър ва ғазаллар тадбир иштирокчиларида илиқ таассуротлар қолдирди. Хушовоз санъаткорлар томонидан она тилимизда ижро этилган мумтоз куй ва қўшиқлар йиғилганлар қалбига хушнудлик олиб кирди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати