Нукус гарнизонидаги ҳарбий оилаларга малакали психолог томонидан тавсиялар берилди

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги ташаббуси билан Нукус гарнизонидаги 1-сонли ҳарбий шаҳарчанинг “Ватанпарвар” маҳалласи биносида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига психологик хизмат кўрсатиш хонаси ўз фаолиятини бошлаганига ҳали кўп бўлганича йўқ. Ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси йўлида ташкил этилган психологик кўмак бериш маркази мутахассисларининг тегишли маслаҳат ва тасвияларидан респондентлар ижобий фикр билдиришмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси қошидаги хотин-қизлар реаблитация психологи Роза Аманова иштирокида бўлиб ўтган навбатдаги учрашув иштирокчиларни ўзгача таъсирлантирди. “Оилада маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш” мавзусида олиб борилган суҳбат давомида мутахассиснинг қизиқарли ва фойдали маърузаси тингланди.

“Психология – инсонни руҳиятини ўрганувчи фан сифатида ўтган асрлардаёқ АҚШ, Франция, Шарқий Европа давлатларида кенг ривожланди ва психологик хизматлар фаолияти йўлга қўйилди”, – дейди Роза Аманова. – “Юртимизда ҳам ўтган асрнинг сўнгги йилларидан бошлаб психология фани чуқур ўрганила бошланди ва ҳозирги кунга келиб, деярли барча соҳаларда психологлар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда. Оилада соғлом муҳитни шакллантириш борасида вақти келса, эр ва хотин ҳам ожиз инсонга айланишади. Шундай вақтларда, психологлар ёрдами уларни маълум бир маънода муаммодан қутқариб қолади. Шу сабабдан ҳам биз биргаликда иш олиб боришимиз ва кутилиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олишимиз мумкин”.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати