Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳарбий техникаларни қишки мавсумда фойдаланиш учун тайёрлашни бошлади

Шимоли-ғарбий ҳарбий округда қўшинлардаги энг масъулиятли тадбирлардан бири – қурол-яроғ ва ҳарбий техникаларни қишки мавсумда фойдаланиш режимига ўтказиш ишлари бошланди.

Ушбу комплекс тадбирлар ҳарбий техникаларни юқори жанговар шайлик даражасида ушлаб туриш ҳамда об-ҳавонинг совуқ шароитида созлигини таъминлаш учун ўтказилади.

Таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилояти ўлкамизнинг Шимоли-ғарбий томонида жойлашгани боис, қишнинг совуқ кунлари бу ерда эртароқ келиши кутилади. Шу учун Нукус ва Урганч гарнизонларида жойлашган ҳарбий қисмларда жанговар ва ҳарбий техника ҳамда қурол-яроғларни ёзги мавсумдан қишки мавсумда фойдаланиш учун ҳозирлаш бошқа ҳарбий округларга қараганда анча олдин бошланади.

Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида қурол-яроғ ва ҳарбий техникаларни ёзги шароитдан қишки шароитда фойдаланиш режимига ўтказиш бўйича кўргазмали машғулот ҳам ташкил этилди.

Машғулотда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов, округ қўмондонлиги ҳамда Нукус ва Урганч гарнизонларидаги ҳарбий қисмларнинг командирлик лавозимидаги ҳарбий хизматчилари иштирок этди.

Тадбирда ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларнинг жанговар шайлигини таъминлаш, уларни соз ҳолатда сақлашда кўрсатилаётган техник хизматларнинг аҳамияти катталиги таъкидланди. Ҳар бир командир, ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига бириктирилган қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг соз ва шайлиги учун масъул эканлиги эслатилди.

Кўргазмали машғулотни ташкил этиш учун ҳарбий қисмнинг жанговар ва ҳарбий техникаларни сақлаш паркида олтита ўқув нуқталари ташкил этилди. У ерда жанговар машина, танк, зирҳли транспортёр, зенит-артиллерия қурилмалари, махсус техника, қурол-яроғ ва бошқа техникаларни қишки шароитда фойдаланиш режимига ўтказиш ишларининг аҳамияти, техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, ташкил этилган постларда самарали ва сифатли иш олиб бориш, қурол-яроғ ва техникани об-ҳавонинг ҳарорати паст шароитларда ишлатиш қоидалари, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича мутахассислар томонидан йўриқномалар берилди. Техникаларга техник хизмат кўрсатиш бўйча кўргазмали тарзда ишлар намойиш этилди.

Мазкур тадбирларни бажаришда технологик хариталарга кўра ҳарбий қисмлардаги техникаларда совутиш суюқликлари алмаштирилади, ҳар бир жанговар машина агрегат ва тугунлари текширилади, фильтрларни тозалаш ва алмаштириш ишлари ўтказилади, ёқилғи-мойлаш ашёлари янгисига алмаштирилади, электр ва алоқа жиҳозларининг созлиги назоратдан ўтказилади.

Тадбирнинг иккинчи қисмида ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни мавсумий режимда фойдаланиш учун кўрсатиладиган техник хизмат кўрсатиш ишларини кўргазмали машғулот иштирокчиларининг ўзлари ҳам бажариб кўришди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинларида қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни мавсумий фойдаланиш режимларига ўтказиш йилига икки маротаба – баҳор ва кузда ташкил этилади.

Тадбир режасига кўра октябрь ойининг охиригача Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларидаги мавжуд қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларнинг барчаси қишки мавсумда фойдаланиш учун шай ҳолатга келтирилади.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати