Нукус шаҳрида опера ва бахшичилк санъати мактаби очилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этиш, ҳудуддаги бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш учун Нукус шаҳрига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Нукусда барпо этилган Опера ва бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб билан танишди, дея хабар беради UzA.

Президентимиз ташаббуси билан барча соҳаларда бўлгани каби бахшичилик санъати ривожига ҳам катта эътибор қаратиляпти. Юртимизда ҳар икки йилда бир Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўказиш йўлга қўйилди, Термиз шаҳрида ўтган йили бахшичилик санъати мактаби фаолият бошлади, бу ерда Республика бахшичилик санъати маркази барпо этилмоқда.

Марказ ҳузурида бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси ҳам ташкил этилади. Бу каби хайрли ишлар аждодларимиз асрлар давомида эъзозлаб келган ноёб санъатни дунёга кенг тараннум этиш, ёшларимизнинг соҳага қизиқишини оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Бахши-жировчилик қорақалпоқ халқининг қадимий миллий санъат турларидан бири ҳисобланади. Ушбу халқ фольклорига хос достонлар элга машҳур бахши-жировлар томонидан ижро қилиниб, устоз-шогирд анъанаси орқали бизгача етиб келган. Ушбу санъат турини асраб-авайлаш, қадимий достонларни ёшларимиз онгига сингдириш ва уларни миллий анъаналар руҳида тарбиялаш, бахшичилик соҳасида дунёга таниқли санъаткорларни етиштириш мақсадида ўтган йили Нукус шаҳрида Опера ва бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб қурилиши бошланган эди.

Жорий йил қуриб битказилган мактаб операга ҳам ихтисослаштирилди, чунки Қорақалпоғистонда опера жанрида ўзига хос мактаб яратилган, Муяссар Раззоқова, Кенесбай Сержанов, Ойгул Нодирова, Женисбек Пиязов сингари элга таниқли опера хонандалари юртимиз санъатини дунёга ёйишга ҳисса қўшиб келмоқда.

150 ўринли таълим масканида 50 ўринли ётоқхона ва ошхона мавжуд. 2021/2022 ўқув йилида мактаб-интернатнинг 5, 6 ва 7-синфларига, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб эса 5-синфига опера йўналишига 10, бахшичилик йўналишига 20 нафардан ўқувчи танлов асосида қабул қилинади.

Давлатимиз раҳбари ихтисослаштирилган мактабнинг 150 ўринли концерт зали ва синфхоналарини кўздан кечирди. Ҳар бир туманда мактаб филиалларини ташкил этиш, уларда истеъдодли ёшларни тарбиялаб, кейинчалик республикада Ўзбекистон давлат консерваторияси филиалини очиш ва бахши-опера йўналишида етук кадрлар тайёрлаш зарурлигини таъкидлади.

Айни пайт Нукус шаҳрида Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари саккизинчи сессияси давом этмоқда.

Фото: УзА