Юртимиз шаънини жаҳон аренасида муносиб ҳимоя қилган ҳарбий хизматчилар Нукусда шарафланди

2017 йилдан Халқаро армия ўйинлари («АрМИ»)да иштирок этишни бошлаган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари мана тўрт йилдирки мамлакатимиз шаънини жаҳон аренасида муносиб ҳимоя қилиб, юртимизга медаллар шодасини ҳадья этишда давом этмоқда.

Жорий йилги «АрМИ – 2020» ўйинларида рекорд натижалар ва юқори кўрсаткичларни қайд этиб келган юрт ўғлонлари юксак эҳтиром ила қарши олиниб, жойларда муносиб рағбатлантириляпти.

Ана шундай тадбирлардан бири Нукус гарнизонида ўтказилиб, унда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида ҳарбий хизматни ўтаётган 18 нафар «АрМИ – 2020» ўйинлари совриндорлари шарафланди.

Тантанали маросимда ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов мамлакатимиз Қуролли Кучлари қудратини дунёга таратиб, етакчи хорижий мамлакат армияларининг энг кучли мутахассисларига муносиб рақобат кўрсатиб келаётган йигитарни қутлади. Юксак марралар замирида машаққатли меҳнат ва энг асосийси, юртга садоқат туйғуси борлигини таъкидлади.

Жорий йилнинг 23 августидан 5 сентябригача давом этган «АрМИ – 2020» Халқаро армия ўйинларида 30 дан ортиқ давлатнинг 156 жамоаси қаторида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари 16 йўналишда, яъни, «Мерганлик марраси», «Қуролсоз уста», «Мусаффо осмон», «Артиллерия олови устаси», «Йўл патрули», «Қўшин разведкаси аълочилари», «Эльбурс ҳалқаси», «Содиқ дўст», «Хавфсиз маршрут», «Дала ошхонаси», «Ҳарбий ралли», «Ҳарбий-тиббий эстафета», «Мерганлар марраси», «Отлиқ марафон», «Автозирҳли танк-техника устаси», «Хавфсиз муҳит» мусобақаларида фаол иштирок этди.

Ҳамюртларимиз жами 16 йўналишда – 3 та биринчи, 8 та иккинчи ва 3 та учинчи ўринни эгаллаб, умумжамоа ҳисобида 3-ўринни қайд этди. Қатор йўналишларда рекорд натижаларни қайд этди.

Таъкидлаш жоизки, «АрМИ – 2020» ўйинларининг «Отлиқ марафон» танловининг дастлабки тайёргарлик жараёнлари айнан Шимоли-ғарбий ҳарбий округ базасида ўтказилган эди.

Нукус ва Урганч гарнизонларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар «АрМИ – 2020» мусобақаларининг “Ҳарбий ралли”, “Қўшин разведкаси аълочилари”, “Автозирҳли танк-техника устаси”, “Отлиқ марафон”, “Мусаффо осмон”, “Қуролсоз уста” ҳамда “Артиллерия олови устаси”, жами 7 та йўналишда қатнашиб, Ўзбекистон терма жамоаларининг муваффақиятли иштироки учун муносиб ҳисса қўшишди.

Тадбир давомида Халқаро армия ўйинлари иштирокчилари ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати