Минг нафарга яқин қорақалпоғистонлик ва хоразмлик ёшлар Ватанга қасамёд қабул қилди

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ Нукус ва Урганч гарнизонларидаги Сафарбарлик чақируви резерви батальонларининг минг нафарга яқин хизматчилари “Ватанга қасамёд” қабул қилишди.

Юртимиз бўйлаб Коронавирус пандемияси тарқалиши билан курашиш мақсадида амалдаги карантин қоидалари боис хизматчиларнинг ота-оналари, яқинлари ва дўстлари маросимда иштирок эта олмади.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган маросимда сўзга чиққанлар, барчани ушбу кун билан муборакбод этиб, Ватанга қасамёд ҳарбий хизматчига она юрти, унинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги учун, шу юрт тинчлиги, халқининг бунёдкорона меҳнати, нуроний отахонлар ва онахонларнинг фароғатию, болаларнинг беғубор кулгуси, нурли келажаги учун масъул эканлигини эслатиб туришини таъкидлади.

Таъкидлаш жоизки, Сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат мамлакатимизнинг минглаб ёшларига кенг имкониятлар эшигини очди. Шулардан олий таълим муассасаси ёки иш жойидан узилмасдан ҳарбий хизматни ўташ имкони алоҳида аҳамиятлидир.

Дарҳақиқат, маросимда бирин-кетин Ватан олдидаги йигитлик бурчига содиқ қолишга аҳд қилаётган йигитларнинг кўзларида мардлик ва жасурлик учқунлари намоён бўлиб, қалбларида чексиз фахр ва ифтихор туйғулари алангаланди.

Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри ҳамда СЧР хизматчиларининг иқтидорли йигитлари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар йиғилганларнинг қалбини илиқлик билан тўлдирди, дилларга хуш кайфият улашди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати