Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги устозларни байрам билан қутлади

Бугун, 30 сентябрь куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги томонидан барча ҳарбий округ ва вилоятлар билан онлайн тарзда ўтган “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни байрамида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида истиқомат қилаётган Қуролли Кучлар фахрийлари ҳамда ўқитувчи-мураббийлар иштирок этди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан сана муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирлар Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Хоразм вилояти мудофаа ишлари бошқармасида бўлиб ўтди.

 

Видеоселектор тарзида ўтган тантанали йиғилишда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг биринчи ўринбосари – штаб бошлиғи полковник Қаҳрамон Зоидов устозларни байрам муносабати билан табриклаб, ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг табригини етказди.

Бир гуруҳ пенсиядаги ва ҳозирги вақтда сафда бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда умумтаълим мактаб ўқитувчилари мудофаа вазири ҳамда ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг буйруғига мувофиқ “Мудофаа вазирлиги фахрийси” кўкрак-нишонлари, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Тадбир давомида бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон мудофаа вазирининг буйруғи билан навбатдаги ҳарбий унвонлар билан тақдирланди.


Шундан кейин Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирининг ошхонасида тантанали байрам тушлиги ташкил этилди.

Нукус гарнизони ҳарбий оркестри ҳамда умидли хонандалар иштирокидаги байрамона концерт дастури тантанага ўзгача файз бағишлади.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати