Мардлар майдонда беллашди: Нукусда ўз касбининг энг илғор усталари аниқланди

Қуролли Кучларимизда ҳарбий хизматчиларнинг касбий малакасини ошириш, соҳа бўйича мукаммал билим ва кўникмаларни шакллантириш ҳамда илғор тажриба ва маҳоратни рағбатлантириш мақсадида “Мен ғолиб!” шиори остида ўтказиб келинаётган қатор мусобақалар орқали ўз касбининг моҳир усталари аниқланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг буйруғига мувофиқ, ҳарбийча анаъана сифатида ўтказиб келинаётган “Ўз касбининг энг илғор устаси” танлови ҳам ҳарбий хизматчиларда етакчилик қобилиятларни шакллантиришга, улар ўртасида энг муносибларни аниқлашга ҳамда устоз-шогирд анъаналарининг давом этишига замин яратмоқда.

Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан биринг базасида миллий армиямиздаги энг нуфузли мусобақа – “Ўз касбининг энг илғор устаси” танловининг Шимоли-ғарбий ҳарбий округ босқичи бўлиб ўтди.

Танловда биринчи босқичда муваффақият қозонган батальон, взвод, гуруҳ командирлари иштирок этиб, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотлари давомида эгаллаган билим ва кўникмаларини намойиш этишди. Шунингдек, танловнинг “Энг илғор сержант” номинацияси бўйича сержантлар тоифасидаги 20 нафарга яқин ҳарбий хизматчилар ўзаро беллашди.

Соғлом рақобат остида ўтган танловда умумқўшин, артиллерия, разведка, Қуруқликдаги қўшинлар ҳаво-ҳужумидан мудофаа, муҳандислик, алоқа ҳамда радиацион, кимёвий, биологик муҳофаза бўлинмаларининг энг илғор офицер ва сержантлари майдонда куч синашди.

Таъкидлаш жоизки, ҳарбий хизмат нуфузини ошириш, қўшинларда юртга ва касбига бўлган муҳаббат туйғуларига асосланган замонавий ҳарбийча анъаналарни шакллантириш ва давом эттириш мақсадида ўтказиб келинаётган ушуб танлов йилдан-йилга энг илғор мутахассисларни саралаб олишга хизмат қилмоқда. Зеро, ана шундай ҳар томонлама етук, ўз касбининг моҳир устаси бўлган ҳарбий хизматчиларимиз 2017 йилдан эътиборан дунёнинг энг нуфузли ҳарбий мусобақалари – Халқаро армия ўйинлари (“АрМИ”)да мамлакатимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишда ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

Ҳарбий жамоаларда юксак жанговар шайликни ушлаб туриш ҳамда юрт ҳимоячиларининг профессионаллик даражасини юксалтиришга хизмат қилиб келаётган “Ўз касбининг энг илғор устаси” танлови бу сафар ҳам муросасиз баҳслар билан кечди. Иштирокчилар ўртасидаги кучли рақобат ҳар бир танлов шартида яққол намоён бўлди.

Танлов шартларига кўра, иштирокчилар назарий саволлардан иборат бўлган мутахассислик бўйича тест саволларига жавоб бериши, шунингдек, тактик, отиш, техник ва жисмоний тайёргарликлар бўйича амалда меъёрларни бажаришлари белгиланган. Танлов шартлари бўйича баҳслар ҳарбий қисм ҳамда “Нукус” дала-ўқув майдонида ўтказилди.

Умумий балларнинг ҳисобига кўра энг юқори кўрсаткич кўрсатган мутахассислар эндиликда танловнинг 3-босқичида, яъни Мудофаа вазирлиги кўшинлари миқёсида ўтказиладиган финалда иштирок этиб, ҳарбий округ шарафини ҳимоя қилишади.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати